Тошкент мактабларидан бири ҳазиломуз ролик ёзган болаларнинг ота-оналари билан “профилактик суҳбат” ўтказилди

Источник: кадр из видео

Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги мактаблардан бирининг ўқувчи қизлари Инстасамка номи билан танилган россиялик эстрада хонандаси Дарья Зотееванинг «За деньги да» қўшиғига қалбаки долларларни сочиб ўйнагани акс этган ҳазиломуз видеоси тарқалди. Тошкент шаҳри халқ таълими бош бошқармаси бунга муносабат билдириб, ҳолат учун ота-оналар кечирим сўраганини маълум қилди. Бу ҳақда «Газета.uz» нашри ёзади.

Бошқарманинг қайд этишича, видеода 181-мактабда ўқувчи 4 нафар қиз акс этган. Ишчи гуруҳ уларнинг дарсдан кейин синфхонада сувенир пулларни сочгани ва буни синфдоши тасвирга олганини аниқлади. Видео Ўзбекистонда блокланган TikTok ижтимоий тармоғига юкланган.

Шундан сўнг 28 февраль куни таълим муассасасида ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари, туман халқ таълими бўлими вакиллари, маҳалла фаоллари, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими раҳбари, профилактика инспектори ва психолог-майор иштирокида профилактик суҳбат ўтказилган.

«Йиғилишда ўқувчи-қизларнинг юқоридаги хатти-ҳаракатлари одоб-ахлоқ қоидаларига зид экани, миллий урф-одатларга тўғри келмаслиги яна бир бор тушунтириб ўтилди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, мактаб директори М.Сабурова Халқ таълими вазирлигининг 2022 йил 28 июндаги «Одоб-ахлоқ ва ички тартиб қоидалари тўғрисида»ги буйруғи ҳақида тушунтириб, ўқувчиларни бундай ҳолатни бошқа такрорламаслиги бўйича огоҳлантирган.

Бошқарма хабарига кўра, видеода қатнашган ўқувчилардан бирининг онаси қизларнинг «чуқур моҳиятини англамасдан» видео тарқатгани учун ота-оналар номидан мактаб маъмуриятидан узр сўраган.

Айни пайтда тарқалган видео юзасидан Чилонзор тумани профилактика инспектор-психологлари томонидан ўрганишлар давом этмоқда, дейилади хабарда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.