Янги ўқув йилидан бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш барча мактабларда жорий этилади

Дети в школе
Источник: unsplash.com

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб республиканинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш йўлга қўйилади. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 2022-2026 йилларда Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тасдиқланган “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили тўғрисида”ги фармонида кўзда тутилган.

Фармонда овқат турлари ўқувчиларнинг ёши ва соғлиғи ҳолатига кўра меъёрланган ҳолда етказиб берилиши ҳамда санитария талабларига жавоб бериши таъминланиши кўрсатилган.

Умумий ўрта таълим соҳасидаги ислоҳотлар

2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳар бир туман (шаҳар)нинг биттадан умумий ўрта таълим муассасасида ўқувчиларни иккита хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш амалиёти босқичма-босқич йўлга қўйилади.

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларни умуминсоний ва миллий қадриятлар, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, шунингдек, уларда коммуникатив кўникмалар, танқидий ва креатив фикрлаш, жамоа бўлиб ишлаш, тадқиқотчилик каби кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган таълим дастурлари амалиётга киритилади.

Мактабгача таълим соҳасидаги ислоҳотлар

2023 йил 1 апрелдан бошлаб мактабгача таълим қамровини кенгайтириш мақсадида янги мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини кўп квартирали уйларнинг нотурар қаватларида ёки якка тартибда қурилган уй-жойларни сотиб олиш ва кейинчалик уларни таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш орқали ташкил этишга рухсат этилди.

давлат-хусусий шериклик лойиҳаси доирасида ижарага берилган ер участкасида нодавлат мактабгача таълим ташкилоти биносини қурган хусусий шерик томонидан ушбу бинонинг мазкур лойиҳа учун банк кредитлари бўйича гаровга қўйилишига оид чекловлар бекор қилинади.

Ўрта касб-ҳунар таълими соҳасидаги ислоҳотлар

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб давлат грантлари коллеж ва техникумларнинг дуал таълим шакли бўйича ҳам ажратилади.

2023 йил 1 сентябрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида малакали хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда Европа касбий таълим ва касбга ўқитиш сифатини таъминлаш тизими талабларига тўлиқ жавоб берадиган 1 тадан намунавий профессионал таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилади.

Ўқитувчилар таркибининг базавий тариф ставкалари ўзгартирилади

2023 йил 1 апрелдан бошлаб профессионал таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкалари мос равишда умумий ўрта таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкаларига тенглаштирилади.

Профессионал таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифасига эга бўлган, малака тоифасига эга бўлмаган олий маълумотли ҳамда олий маълумотга эга бўлмаган ишлаб чиқариш таълими усталарининг базавий тариф ставкалари тегишинча умумий ўрта таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифали ўқитувчиси, олий маълумотли ўқитувчиси ҳамда ўрта махсус маълумотли ўқитувчисининг базавий тариф ставкаларига тенглаштирилади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.