Тошкент шаҳар ҳокими марказий ва ички йўлларни қор ва музламалардан тезкор тозалашни топширди

Источник: хокимият Учтепинского района

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, ҳоким ўринбосарлари ва қатор бошқармалар бошлиқлари иштирокида мамлакат ҳудудига кучли совуқлар кириб келиши муносабати билан турли салбий вазиятларнинг олдини олишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлигининг матбуот хизмати хабар беради.

Пойтахт ҳокими мутассаддиларга тегишли топшириқларни берди. Хусусан, аномал совуқ кунлар даврида, 9-18 январь кунлари шаҳар ва туман ҳокимликларида, бошқармалар ва уларнинг туман бўлимларида ҳар қандай мажлислар (жумладан Zoom шаклида), тадбирлар, масъулларни асосий фаолиятидан чалғитувчи бошқа йиғилишларни ўтказиш тақиқланади.

Шунингдек ҳоким қуйидагиларни топширди:

— қолипли нон ишлаб чиқарувчиларга газ ва электр  энергияси узлуксиз етказиб берилишини назоратга олиш;

— озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш;

— шаҳар жамоат транспортининг тизимли ишлаши чораларини кўриш;

— марказий ва ички йўлларни тезкорлик билан қор ва музламалардан тозалашни ташкил қилиш;

— электр тизимида аварияларни тезкор бартараф этиш;

— туғруқхоналар, шифохоналар, мурувват ва меҳрибонлик уйларининг иссиқлик таъминотини алоҳида назоратга олиш, улардаги мавжуд электр генераторларини ёқилғи билан таъминлаш, тўхтовсиз ишлаши учун шай ҳолатга келтириш;

— навбатчилик, штаблар ва call-марказлар фаолиятидаги алоқа телефонларининг узлуксиз ишлашини назоратга олиш;

— 2 кун муддатда 103 тез тиббий ёрдам машиналарини тиббий анжом ва дори воситалари билан таъминланганлик даражасини кўздан кечириб, етишмовчиликларни тўлдириш;

— кўчада хизмат қилаётган йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва ободонлаштириш ходимларини иссиқ чой ва егулик, ихчам термос идишлари билан таъминлаш ва ҳоказо.

— фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан  2 кун муддатда жамоат жойларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича қайта кўрик-назорат тадбирларини ўтказилишини таъминлаш.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.