“Тошкент-товар” ТИФБП автобусни имтиёз асосида, яъни божхона тўловларисиз олиб киришга уринишнинг олди олинди

Фото: Божхона

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Тошкент-товар” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида хориждан келтирилган автобусни имтиёз асосида, яъни божхона тўловларисиз олиб киришга бўлган ноқонуний уринишнинг олди олинди. Бу ҳақда Пойтахт Божхона бошқармаси матбуот хизмати хабар беряпти.

«Гап шундаки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилишда божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган янги технологик асбоб-ускуналар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида” 2021 йил 4 июндаги 352-сон қарорига биноан ҳайдовчи билан бирга 60 киши ёки ундан ортиқ кишини ташишга мўлжалланган транспорт воситалари (автобуслар ва электробуслар) божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод этилган», – дейилади хабарда.

Айни шу имтиёздан фойдаланиш мақсадида хориждан келтирилган қиймати 1,1 млрд сўмлик автобуснинг ўриндиклар сони тегишли ҳужжатларда 60 та эканлиги қайд этилади. Аммо, “Тошкент-товар” божхона пости ходимлари томонидан ўтказилган божхона кўриги жараёнида автобус аслида 56 ўриндиқли эканлиги маълум бўлди.

Қаранг-ки, ўриндиқлар сонини 60 тага етказиш мақсадида автобусга кейинчалик пайвандлаш усули билан қўлбола тарзда 4 та қўшимча кичик ўриндиқлар ўрнатилган экан.

«Буни Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази, Ички ишлар вазирлигининг эксперт криминалистика бош маркази ҳамда Ўзбекистон илмий-синов ва сифат марказининг хулосаси ҳам тасдиқлади. Ўриндиқлар сонини сунъий равишда кўпайтириш орқали автобус эгалари 865 млн. сўмлик божхона тўловларидан имтиёзни қўлга киритишга уринишган», – дейилади.

Ҳозирда автобус вақтинча сақловга олинган. Ҳолат юзасидан эса божхона текширувлари давом этмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.