Тошкент тумани вилоят аҳолисига уй-жой қуриш учун асосий база бўлиши керак
Йиғилишда Тошкент тумани, вилояти аҳолисига уй-жой қуриш учун асосий база бўлиши кераклиги қайд этилди.
Шунингдек, Тошкент тумани орқали Қозоғистондан кунига 44 минг одам, жумладан 2-2,5 минг хорижий туристлар ўтиб қайтади.
Мутасаддиларга “Шифобахш сувлар” ҳудудидан яна 5 та санаторий қуриш учун жой топиб, аукционга чиқариш, Шифобахш сувлар кўчасини кенгайтириб, атрофида йирик савдо, спорт ва кўнгилочар марказлар, кўп қаватли уйлар қуриш бўйича мастер режа ишлаб чиқиш топширилди.
Пойтахтдаги корхоналарга вилоятдаги қурилиши тўхтаган объектларга кўчиб ўтишни таклиф қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Анча вақтдан бери сотилмаган 70 та объект пойтахтдаги тадбиркорларга бўлиб-бўлиб тўлашга берилади. Шарти – ишчиларнинг 50 фоизи камбағал оиладан бўлиши керак.
Уч йилда тижорат объектлари пойтахтда 5,7 миллион квадратга кўпайган бўлса, Тошкент вилоятида 1,6 миллионга ошди. Вилоятда ҳар йили 1 миллион квадрат тижорат жойи ташкил қилиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди. Йил якунигача 115 та кўп қаватли уй, 39 километр сув ва 29 километр газ тармоғи қурилишини якунлаш вазифаси қўйилди.
Зангиота туманидаги Ибрат ва Улуғбек маҳаллаларига хизмат қилган 2 та оқова сув иншооти эскиргани, Боғзор ва Нуробод маҳаллаларидаги кўп қаватли уйларда иситиш ва оқова тизими муаммоли экани кўрсатиб ўтилди.
Мутасаддиларга бу 4 та маҳаллада сув, оқова ва иситиш тизимини яхшилаш лойиҳаларини тайёрлаш топширилди. Ангрен, Олмалиқ, Оҳангарон шаҳарлари, Пискент ва Оҳангарон туманларининг вилоят саноатидаги улуши 50 фоизни ташкил қилади. Бу 5 та шаҳар-туман бир-бири билан ёнма-ён жойлашган бўлиб, хом ашё захирасига жуда бой.
Бу ерларда ишлаб чиқаришни кооперация ва кластер асосида ташкил этиш учун мутлақо янги тизим – “Саноат учбурчаги” дастурини тайёрлашга қарор қилинди. Масалан, Олмалиқ комбинатида йилига 600 минг тонна темир таркибига қўшимча компонент – “огарок” ишлаб чиқарилаяпти. Оҳангарон тумани ва шаҳри, Пискентдаги 3 та цемент заводи ишлаб чиқаришда ушбу компонентдан фойдаланаяпти.
Туманлар кооперация қилса, транспорт харажати 20-30 фоизга, таннарх эса 5-10 фоизга камайиши таъкидланди.
Шарҳлар