Тошкент вилоятида Чирчиқ дарёсида ноқонуний чиқиндихона ташкил қилган фуқаро қамоқ жазосига ҳукм қилинди
Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ туманида ноқонуний чиқиндихона ташкил этган фуқарога нисбатан ҳукм чиқарилди.
Экология вазирлиги матбуот хизматининг хабарига кўра, айбланувчи 2023 йилнинг май ойидан 2024 йил январигача Чирчиқ дарёси тубидаги ер участкасига чиқиндиларни ташлаб келган.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги давлат инспекторлари томонидан ўтказилган рейд давомида айбланувчи дарё ўзанига қонунга хилоф равишда қурилиш чиқиндиларини ташлаб юборгани, натижада тўғонга ўхшаш чиқиндихона ҳосил бўлганлиги аниқланди. Фуқаро бир неча марта огоҳлантирилишига қарамай ўз ҳаракатини давом эттирган.
Айбланувчи муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар режимини бузган ҳолда дарёга 126 433,70 куб метр чиқиндиларни ташлаб, 3 миллиард 68 миллион 206 минг сўм миқдорида зарар етказган.
Суд уни “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 22 ва “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонуннинг 41-моддалари билан айбдор деб топди. Эркак уч йилу тўққиз ой қамоқ жазосига ҳукм қилинди ва у етказилган зарарни қоплаши шарт.
Шарҳлар