Тошкент вилоятида икки фуқаро 5 млн долларга ер сотишга уринди
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ўзларини «Даврон омад сервис» МЧЖ муассислари деб таништирган шахслар 5 млн долларга 16 га ерни сотишга уринган. Бу ҳақда Коррупцияга ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси хабар беради.
6 август куни фуқаро Х.С. Тошкент вилояти ИИББга ариза билан мурожаат қилган. Ўзларини «ДАВРОН ОМАД СEРВИС» МЧЖ таъсисчилари деб таништирган «Бегзод» ва «Даврон» исмли шахслар Х.С.дан олдиндан бўнак сифатида 200.000 АҚШ доллари беришини талаб қилган.
Ушбу ер майдони Бўстонлиқ тумани ҳокимининг 16.05.2016 йилдаги 626-сонли қарори билан боғ барпо этиш ва ободонлаштириш учун мазкур жамиятга 30 йилга ижарага берилган.
Тошкент шаҳар Юнусобод тумани, Мустақиллик кўчасида жойлашган «КРEДО» ресторанида Р.Г. ва Д.Ж.лар ариза муаллифи Х.С.дан 200.000 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошкент вилояти бошқармаси томонидан Р.Г. ва Д.Ж.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28/211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар