Тошкент вилоятида турмуш ўртоғини пичоқлаб ўлдирган фуқаро 19 йилга қамалди

Фото: Milliy TV

Тошкент вилояти Жиноят ишлари бўйича Қуйи Чирчиқ туман суди 2022 йил август ойида хусусий боғчада турмуш ўртоғини тарбияланувчилар кўз ўнгида калтаклаб, эртаси куни эса ўлдирган эркакка нисбатан ҳукм чиқарди.

24 август куни «Пахтакор» маҳалласида яшовчи 31 ёшли С.Х. ўзининг 24 ёшли турмуш ўртоғи М.Х.ни «оилавий муаммолар ва рашк туфайли» хусусий боғчада, болалар олдида калтаклаган. Мактабгача таълим вазирлиги маълумотларига кўра, улар ўртасидаги можаро кўчада бошланган, кейин аёл эридан қочиб, боғча дарвозасига югуриб кирган. Унинг орқасидан келган эри боғча ичида уни калтаклашда давом этган.

Бош прокуратуранинг хабар беришича, эртаси куни эркак хотини яшаётган қайнотасининг уйига борган. Дераза орқали у жойлашган ётоқхонага кириб, ошхона пичоғи билан унинг бўйнига пичоқ урган ва воқеа жойини тарк этган. Аёл олган жароҳатлари оқибатида вафот этган.

«Тунда аёлим менга қўнғироқ қилиб, телефонни олиб келиб беришимни айтди. Дарвозани очиб, ичкарига киргизди. Ўғлимиз ухлаб ётган хонага кириб гаплашдик. Орадан вақт ўтгандан кейин телефонини олиб қарасам, йигит унга икки марта қўнғироқ қилганини ва „яхши иш бўлмабди“ деган хабарни ўқидим. Кейин келишмовчилик бошланди. Пичоқ хотинимнинг қўлида эди, жанжал пайтида ундан пичоқни тортиб олмоқчи бўлганимда бўйнига кириб кетди. Дарвозани очиб, уйдан чиқиб кетдим», – дейди  эркак.

Судья Дониёр Азимов ушбу шахсни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «г» банди (Ўта шафқатсизлик билан қасддан одам ўлдириш / 15 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) ва 164-моддаси 1-қисми «г» банди (Босқинчилик, яъни ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилиб, ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб содир этилган бўлса / 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) билан айбдор деб топди ва унга нисбатан 19 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.