Тошкентда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди

WAGE дастури мутахассислари аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни аниқлаш бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижаларини тақдим этди. Жорий йилнинг 27 март куни “Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида «WAGE» (Women And Girls Empowered) дастурининг давра суҳбати бўлиб ўтди. Давра суҳбати Британия менежмент университети билан ҳамкорликда WAGE глобал ташаббуси доирасида ўтказилди.

WAGE дастури Марказий Осиё аёллари учун иқтисодий имкониятларни кенгайтириш мақсадида мамлакатлар ва минтақалар даражасида аёллар ташкилотлари уюшмаларини яратиш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг қамровли минтақавий дастурдир.

WAGE дастурининг асосий мақсади фуқаролик жамияти ташкилотлари, хусусий сектор, шу жумладан, Марказий Осиё мамлакатларидаги бизнес бирлашмаларининг салоҳиятини мустаҳкамлаш, аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқлари ва имкониятларини қўллаб-қувватлаш ва кенгайтириш, гендер тенглигини таъминлаш ва гендер асосидаги зўравонликка қарши курашиш ҳамда мавжуд дастурларнинг самарадорлигини оширишдан иборат.

Йил давомида Британия менежмент университети негизида экспертлар кенгаши томонидан тадбиркор аёллар, халқаро ташкилотлар вакиллари, гендер экспертлари, фуқаролик жамияти вакиллари ва бошқа манфаатдор томонлар иштирокида илмий-тадқиқот ишлари олиб борилди. Ўрганишнинг иккинчи босқичида экспертлар кенгаши аъзолари мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган 700 нафарга яқин хотин-қизлар билан маслаҳат учрашувларини ўтказди.

Маслаҳат учрашувлари натижасида экспертлар кенгаши томонидан Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигининг миллий кун тартиби ишлаб чиқилди ва тадқиқот жараёнида тадбиркорлар кўрсатган тўсиқларни аниқлашнинг тўртта устувор йўналиши белгиланди.

Биринчи йўналиш – тадбиркорлар учун қулай ҳуқуқий муҳит яратиш. Иккинчи йўналиш – уларни молиялаштириш имкониятлари, яъни пастроқ фоиз ставкалари ва гаров таъминотига нисбатан мослашувчан талаблар бўйича кредитлар миқдорини ошириш, шунингдек, банк хизматларидан фойдаланиш қулайлигини ошириш. Учинчи йўналиш – аёллар ва қизларнинг бизнес ва АТ кўникмаларини, билим ва хабардорлигини ривожлантириш стратегиясини такомиллаштириш. Тўртинчи – гендер асосидаги зўравонликка барҳам бериш.

“Ҳозир аёллар бизнес билан шуғулланишдан қўрқишади, чунки улар буни қандай қилишни билмайди. Хотин-қизлар огоҳлиги муаммоси нимада? Бу интернетдан фойдаланиш. Узоқ ҳудудларда тармоққа кириш жуда муаммоли. Баъзиларда тугмачали телефон бор, бировнинг эри телефонини олиб қўяди, кимдадир эса телефон умуман йўқ”, — дейди Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича экспертлар кенгаши аъзоси тренер Ксения Рижкова.

Чекка ҳудудлардаги қизлар ва аёлларнинг хабардорлиги йўқлиги сабабли вазиятни яхшилаш бўйича таклиф илгари сурилди: “Телевидениега чиқиш керак. Ҳа, кимдир Интернетга эга эмас, лекин ҳаммада телевизор бор. Ижтимоий ролик ёки ҳатто фильм суратга олиб, нафақат пазандачилик, балки овқат тайёрлаб, фарзанд туғадиган, балки ўз бизнесига эга замонавий ўзбек аёли қиёфасини кўрсатиш фойдали бўларди”, — дея таклиф қилди Ўзбекистон кўнгиллилар уюшмасининг волонтёри Ширин Обидова.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.