Тошкентда бешинчи халқаро марафон қандай ўтди
12 март куни Humo Arena спорт мажмуаси майдонида V International Tashkent Marathon бошланди. Нуфузли халқаро спорт анжуманида иштирок этиш учун Тошкентга дунёнинг 34 давлатидан спортчилар келди. Профессионал спортчилар ва югурувчилар 3, 10, 21 ва 42 км масофаларда куч синашди.
Марафон Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Марафонни очар экан, Ёшлар сиёсати ва спорт масалалари вазири Адҳам Икромов бугун об-ҳавога қарамай, Халқаро Тошкент марафонига 5 мингга яқин киши йиғилганини таъкидлади. Ҳар йили баҳор келиши билан “Тошкент Марафони” югурувчилар учун янги югуриш мавсумини очади, олдинда ҳали кўплаб спорт мусобақалари ва марафонлари бор.
International Tashkent Marathon Жаҳон атлетика мусобақалари тақвимига киритилган ва Марказий Осиёдаги энг муҳим халқаро спорт тадбирларидан бири ҳисобланади. Бу йилги марафон доирасида 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига профессионал спортчилар учун лицензиялар ўйналди.
Мураккаб об-ҳаво шароити Шоҳрух Давлатовга ярим марафон масофасида Ўзбекистон миллий рекордини ўрнатишга халақит бермади. 1:03:38 вақтни кўрсатиб, у 2012 йилнинг апрелида Душанбе ярим марафонида ўрнатилган Андрей Петровга тегишли бўлган аввалги рекорддан 49 сония тезроқ югурди. Шоҳрухнинг натижаси ҳам V International Tashkent Marathon учун янги рекорд бўлиб, биринчиси қозоғистонлик спортчи Нурсултон Кенешбековга тегишли эди – 1:04:31.
Халқаро Тошкент марафонида имконияти чекланган югурувчиларнинг хавфсиз иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, темир дафтарга киритилган қизлар ва аёллар учун марафонда қатнашишга бепул квоталар ажратилди.
Марафон бошланиши арафасида World Athletics техник делегати Юкио Саки ва IAAF Халқаро енгил атлетика федерациялари ассоциациясининг «А» тоифаси расмий ўлчовчиси Илья Михайловский Тошкентга етиб келди. Халқаро Тошкент марафони треки AIMS Халқаро марафонлар ва югуришлар ассоциацияси томонидан сертификатланган ва қатъий қоидаларга мувофиқ ўтказилади. Техник мутахассислар марафонга тайёргарликнинг асосий босқичлари билан танишди, мусобақага жалб этилган ҳакамлар ва мураббийлар билан суҳбатлашди, трекнинг сифати ва хавфсизлигини текширди.
Шунингдек, халқаро мусобақаларни ташкил этиш бўйича тажриба алмашиш ва иштирокчи спортчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида марафонга Марказий Осиё мамлакатлари енгил атлетика федерациялари вакилларидан иборат делегациялар етиб келди.
Ташкилотчилар таъкидлаганидек, бундай кенг кўламли тадбирга тайёргарлик кўришда экологик тозалик тамойилларига риоя қилиш муҳим жиҳатлардан бирига айланди. Масалан, иштирокчиларнинг жиҳозлари юқори сифатли иккиламчи хомашё асосида ишлаб чиқилган бўлиб, «Ўзавтосаноат» АК томонидан шаҳар атроф-муҳитига қўшимча юкни камайтириш ғояси қўллаб-қувватланди ва ташкилий қўмитага BYD синов электромобиллари тақдим этилди.
V International Tashkent Marathon’ининг умумий мукофот жамғармаси 259 миллион 720 минг сўмни ташкил этди. 42 км масофага марафонда биринчи ўринни эгаллаган ғолибга 30 миллион сўм (иккинчи ўрин учун 20 миллион, учинчи ўрин учун 15 миллион, тўртинчи ўрин учун 10 миллион, бешинчи ўрин учун 8 миллион сўм, олтинчи ўрин учун 5 млн.сўм ажратилди).
Ярим марафон иштирокчилари учун қуйидаги пул мукофотлари назарда тутилди: 1-ўрин учун – 20 миллион сўм, 2-ўрин учун – 15 миллион сўм, 3-ўрин учун – 12 миллион сўм, 4-ўрин учун – 8 миллион сўм, 5-ўрин учун – 6 миллион сўм, 6-ўрин учун – 4 миллион сўм. 10 км масофага пойга ғолиблари 1-ўрин учун 6 миллион сўм, 2-ўрин учун 4 миллион сўм, 3-ўрин учун 2 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди. 3 км масофага пойга ғолибларига қимматбаҳо совғалар топширилди.
Шу куни эълон қилинган Халққа эътибор ва сифатли таълим йили доирасидаги асосий вазифаларни амалга ошириш мақсадида Андижон, Наманган, Фарғона, Нурафшон, Навоий, Гулистон, Жиззах, Самарқанд, Термиз, Урганч шаҳарлари марказий кўчалари бўйлаб, V International Tashkent Marathon доирасида Нукус, Тошкент, Бухоро ва Қарши шаҳарларида 3 км масофага югуриш бўлиб ўтди. Yangi Nafas пойгаси кейинги йилларда аҳоли ўртасида оммалашиб, енгил атлетика федерацияси томонидан қўллаб-қувватланган аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оммавий спортни оммалаштиришга қаратилган илк ижтимоий лойиҳалардан бирига айланди.
Yangi Nafas спорт ҳаракатининг “Бир юрт, бир старт, бир масофа, бир мақсад” ягона шиори остида мамлакатимиз бўйлаб 75 минг нафарга яқин иштирокчи масофага бирлашди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигидан маълум қилишларича, мусобақага мамлакатимиздаги 57 та олий таълим муассасасидан 25 мингдан ортиқ талаба ҳам қўшилган.
Марафон арафасида «Пахтакор» стадионида 5 ёшдан 13 ёшгача бўлган 100 нафардан ортиқ бола ҳамда 90 нафар юриш ишқибозлари иштирок этган “Скандинавияча юриш” мусобақалари ва Kids Run югуриш мусобақаси ташкил этилди.
Тошкентда ўтказилган V International Tashkent Marathon ва Yangi Nafas югуриш мусобақасининг қолиблари:
42 км масофага аёллар орасида:
1.Гульшаной Саттарова (Қирғизистон) – 2:46:30
2.Екатерина Васильченко (Украина) – 2:59:28
3.Екатерина Тунгускова (Ўзбекистон) – 3:00:29
Эркаклар орасида:
1.Бахтиёр Ўткиров (Ўзбекистан) – 2:20:13
2.Илья Тяпкин (Қирғизистон) – 2:25:68
3.Ислам Амангос (Қозоғистон) – 2:29:58
21 км масофага (ярим марафон) аёллар орасида:
1.Айнуска Ҳалил қизи (Қирғизистон) – 1:15:47
2.Азиза Мирзакбарова (Ўзбекистон) – 1:21:32
3.Моҳинабону Комилова (Ўзбекистон) – 1:24:17
Эркаклар орасида:
1.Шоҳрух Давлатов (Ўзбекистон) – 1:03:38
2.Нодир Муталипов (Ўзбекистон) – 1:06:50
3.Михаил Кульков (Россия Федерацияси) – 1:07:57
10 км масофага аёллар орасида:
1.Ситора Ҳамидова (Ўзбекистон) – 39:34:29
2.Шоҳсанам Хуррамова (Ўзбекистон) – 40:46:54
3.Комола Аблаева (Ўзбекистон) – 42:23:07
Эркаклар орасида:
1.Бекзод Бойматов (Ўзбекистон) – 34:14:00
2.Алишер Ахматиллаев (Ўзбекистон) – 34:30:00
3.Хасан Мирсаатов (Ўзбекистон) –
10 км масофага аёллар орасида:
1.Анастасия Сильчинкова (Ўзбекистон) – 0:10:27
2.Гўзал Махаматовалиева (Ўзбекистон) – 0:10:39
3.Ойзира Жўракулова (Ўзбекистон) – 0:10:43
3 км масофага эркаклар орасида:
1.Диёрбек Ахмедов (Ўзбекистон) – 0:09:16
2.Эльдор Ботиров (Ўзбекистон) – 0:09:17
3.Жаҳонгир Рахматуллаев (Ўзбекистон) – 0:09:33
Шарҳлар