Тошкентда бир неча йигит дрифт қилгани учун 15 суткага ҳибсга олинди

Кадр видео УБДД

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида автомашиналарда хавфли маневр қилган бир неча ёшлар жаримага тортилиб, 15 суткага қамоққа олинди, деб хабар қилди пойтахт ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати.

Йигитлар автомобил ойнасидан ташқарига чиқиб суянган ҳолда машиналарда дрифт қилишган ва автомобил бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларга эга бўлишмаган.

Суд уларни «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодексининг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси 1-қисми (ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларини бажармаслик)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбдор деб топган.

Уларнинг ҳар бири 1 БҲМ миқдорида жаримага тортилиб ва 15 суткага ҳибсга олинган. Ҳуқуқбузарликка йўл қўйган икки нафар вояга етмаганларнинг ота-оналари ҳам фарзандларини тарбиялаш ва ўқитиш бўйича ўз вазифаларини бажармаганликлари учун жаримага тортилишган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.