Тошкентда болалар учун одил судловдан фойдаланишни кенгайтириш бўйича ҳаракатлар муҳокама қилинди

Источник: ЮНИСЕФ

Болалар учун одил судлов соҳасида фаолият юритаётган миллий мутахассислар ва экспертлар бугун “Ўзбекистонда болалар учун одил судловдан фойдаланиш имконияти: ҳозирги ҳолат ва истиқболлар” мавзусидаги конференцияда йиғилиб, Ўзбекистонда одил судловга эришишдаги тўсиқлар ва имкониятларни муҳокама қилиб, ҳуқуқий ислоҳотлар бўйича илғор халқаро тажрибалар билан ўртоқлашдилар. Бу ҳақда ЮНИСЕФнинг матбуот хизмати маълум қилади.

«Қизлар ва ўғил болаларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятини таъминлаш ҳар бир боланинг ҳуқуқлари, жумладан, таълим олиш, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ҳамда зўравонлик ва шафқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш ҳуқуқлари бузилган ҳолларда адолатли, ўз вақтида амалга ошириладиган самарали ҳимоя воситаларидан фойдаланиш бўйича қонунлар, тизимлар ва амалиётлар мавжудлигини англатади», – деди ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. – “Адлия ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари боланинг алоҳида эҳтиёжлари, ёши, жинси ва қобилиятини эътиборга олган ҳолда унинг олий манфаатларини таъминлашга қаратилган бўлиши керак», – дея қайд этади у.

2016 йилдан буён Ўзбекистонда миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга, қонун устуворлиги бўйича илғор халқаро тажрибани жорий этишга қаратилган ҳуқуқий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги босқичи изчил давом этмоқда. Ислоҳотлар давомида қонунчиликка бир қатор муҳим ўзгаришлар киритилган бўлсада, болаларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятини таъминлаш Ўзбекистоннинг ҳуқуқий ва қонун устуворлиги ислоҳотлари кун тартибида алоҳида устувор йўналиш сифатида белгиланмаган.

«Болалар учун одил судловдан фойдаланиш фақатгина одил судловни ва маъмурий тизимларни мустаҳкамлашдан иборат эмас. Бу турли давлат органларининг яқин ўзаро ҳамкорлиги ҳамдир”, деди бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова. “Болалар учун одил судлов биринчи навбатда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларнинг мавжудлигини ва озодликдан маҳрум қилиш фақатгина сўнгги чора сифатида кўрилишини назарда тутади».

Конференцияда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, масъул давлат идоралари вакиллари, соҳа мутахассислари, фуқаролик жамияти фаоллари, академиклар, халқаро экспертлар, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг мамлакатимизда фаолият юритаётган вакиллари иштирок этдилар.

Конференция иштирокчилари Ўзбекистонда болаларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли ҳаракатлар тўғрисида келишиб олдилар. Улар ҳар бири учун батафсил йўриқномани ўз ичига олган қуйидаги кенг кўламли тавсияларни бердилар:

  1. Болалар учун адолатли судловдан фойдаланишни таъминлаш учун кенг қамровли ҳуқуқий ва сиёсий асосларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш.
  2. Жиноий, фуқаролик ва маъмурий адлия тизимларининг ихтисослашувини таъминлаш ва қонун билан алоқада бўлган болаларнинг ҳуқуқлари ва эҳтиёжларини қондириш механизмларини мослаштириш.
  3. Қонун билан алоқада бўлган болаларга ўз вақтида ва этарли даражада юридик ёрдам кўрсатилишини таъминлаш.
  4. Болаларни озодликдан маҳрум этишни энг қисқа муддатга сўнгги чора сифатида қўллаш.
  5. Сиёсат ва дастурларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш, мониторинг қилиш ва баҳолаш учун маълумотларни тўплаш ва бошқариш, шунингдек, болаларнинг одил судловдан фойдаланиш имконияти бўйича тадқиқотларни кучайтириш.
  6. Болаларнинг ҳуқуқий имкониятларини ошириш бўйича ташаббусларни бошлаш ва болаларнинг одил судловдан фойдаланишларини қўллаб-қувватлашга оилалар ва мутахассисларни жалб қилиш.
  7. Болаларнинг адолатли судловдан фойдаланиш имкониятини таъминлаш учун тармоқлараро ҳамкорликни кенгайтириш.
  8. Болаларнинг одил судловдан фойдаланишига тўсқинлик қилувчи ижтимоий нормалар билан курашиш.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.