Тошкентда Халқаро форумлар саройи олдида тўпланган ўсмирлар ҳибсга олинди
Ижтимоий тармоқларда ота-оналар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан фарзандларининг ҳибсга олингани сабабини айтишларини сўраган видеолар тарқалди. Ота-оналар Тошкентда ички ишлар бошқармаси олдида туришибди: видеодаги аёллардан бири эркакдан ўсмирлар қайси модда асосида ҳибсга олинганини айтишини сўрамоқда.
Шунингдек, видеодаги аёллар ИИБ ходимлари болалар қаерга олиб кетилганини айтишмаётганини ҳам қайд этишади. Ўсмирларни ҳибсга олганларнинг фамилияси, исми ва лавозимини сўраган эркак овози эшитилади. Видеода ота-оналарнинг ИИБ панжарасидан ичкарига киришга уриниши билан тугаган. Кадр ортидаги овоз: «Ота-оналар келган, боласини кўришга ҳақли, уларни ичкарига киритишни хоҳламашмаяпти»- дейди.
“Потребитель.уз” ҳамжамиятида ўсмирларнинг ота-оналари болаларига нисбатан жисмоний куч ва босим қўллангани ҳақида маълум қилишган. Ота-оналарнинг сўзларига кўра, ҳибсда сақлаш вақтида вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари қўпол равишда поймол қилинган – улар қаерда эканлиги ҳақида уйидагиларга билдиришларига рухсат берилмаган, телефонлари олиб қўйилган ва қўпол муомала қилинган.
ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг маълум қилишича, 5 март куни пойтахтнинг Яшнобод тумани, Истиқлол кўчасида жойлашган Халқаро форумлар саройи биноси ёнида 50 га яқин ёшлар йиғилиб, “Рёдан” типидаги субмаданиятга қўшилиш ҳақида турли шиорлар билан чиқишган…»
“Бугунги кунгача ички ишлар органларига ушбу ҳаракат ташкилотчилари мамлакатимиздан ташқарида жойлашган бузғунчи кучлар экани, уларнинг мақсади миллий, ирқий, этник ва диний адоватни, шунингдек, тартибсизликлар, зўравонликни тарғиб қилиш, ғояларига қўшилмайдиган фуқароларга қарши эканлиги ҳақида турли маълумотлар келиб тушган”, — дейилади хабарда.
5 март куни Тошкент шаҳар ИИББ томонидан жамоат тартибини бузиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида профилактика чора-тадбирлари олиб борилиб, ота-оналар ва ҳодиса иштирокчилари билан суҳбатлар ўтказилди”, – деди матбуот котиби. У нечта ўсмир билан «суҳбат» қилинганини айтмади.
“Бузғунчи кучларнинг ёшларимизга таъсиридан далолат сифатида ҳаракат иштирокчилари томонидан ошкор қилинган мурожаатларни келтириш мумкин, хусусан: “Салом, бугун соат 18:00 да бутун форумни бузамиз. Биз тишимизгача пневматик, совуқ ва жанговар қуроллар билан қуролланамиз”, шунингдек, ижтимоий тармоқларда аноним фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳаракатларини обрўсизлантиришга уринишлари акс этган видеолавҳалари тарқатилди”, — дейилади хабарда.
ИИББ хабарига кўра, ўсмирлар Яшнобод тумани ички ишлар бўлимига олиб келинган ва у ерда “тўпланиш мақсади ҳақида сўроқ қилинган”.
«Ўрганишлар жараёнида 9 нафар вояга етмаган шахслар ижтимоий тармоқлардаги “Рёдан” каналига аъзолиги аниқланди. Барча вояга етмаган шахслар шу куннинг ўзида ота-онаси ёки яқинлари билан бирга уйига қўйиб юборилган, ҳеч ким процессуал тартибда ушланмаган», – дея таъкидлайди ИИББ.
Маълумотга кўра, оммавий тартибсизликни, диний, миллий, этник адоватни тарғиб қилувчи хабарларни тарқатган шахсларни аниқлаш юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан текширув ўтказилмоқда.
«Ҳурматли пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари! Хабарингиз бор, ҳозирда ижтимоий тармоқлар орқали ахборот хуружи авж олмоқда. Турли оқимларнинг пайдо бўлиши кетидан, ғаразли ниятдаги шахслар бу оқимларни бошқаришга, бузғунчи ғояларни тарғиб қилишга, аҳоли орасида адоват ва ваҳима уйғотишга ҳаракат қилмоқда. “Рёдан” ҳаракати аъзолари томонидан тарқатилган хабарлар ва шу мазмундаги бошқа хабарларнинг барчаси Ички ишлар органлари томонидан текширилади, ҳар бир ҳолат ўрганилади ва қонуний баҳо берилади. Ҳурматли ота-оналар, фарзандларингиз нималар билан бандлиги ва уларнинг қизиқишига эътиборли бўлинг, билиб-билмай оммавий тартибсизликларни ва бузғунчи ғояларни тарғиб қилувчи оқимларга қўшилиб қолмаслигини назорат қилишингизни сўраймиз», – дея хулоса қилади идора.
Шарҳлар