Тошкентда ишчилар ётоқхонасида ёнғин содир бўлди – 18 киши касалхонага ётқизилган
Бугун соат 05:05да Сирғали тумани Нилуфар 3-тор кўчасида “Uzmill” МЧЖ ҳудудида ишчилар учун жойлашган ётоқхонада ёнғин содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳаво-газ аралашмасининг чақнашига газ қувурларининг носозлиги оқибатида хонада газ тўпланиши сабаб бўлган, – деб ёзади “Спутник” нашри ФВВ матбуот хизматига таянган ҳолда.
– Воқеа жойида 43 нафар ишчи бўлган, ёнғин оқибатида улардан 18 нафари ҳар хил турдаги куйиш тан жароҳати билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига жойлаштирилди. Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар йўқ, – дейилади хабарда.
Воқеа содир бўлган жойга 4 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 05:08да етиб бориб, ёнғин соат 05:29да қуршаб олинган ва соат 05:43да батамом ўчирилган.
Ҳозир воқеа сабабларини тезкор гуруҳ текширмоқда.
Шарҳлар