Тошкентда яширин нарколаборатория фаолияти аниқланди

Фото: кадр из видео

Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги уйлардан бирида икки нафар эркак логистика фаолияти остида синтетик гиёҳвандлик воситалари ишлаб чиқариш билан шуғулланган.

Уйда 56 қопга солинган 26 килограммга яқин синтетик наркотик моддалар сақланган. Бундан ташқари, 400 кг дан ортиқ суюқ ва кукун ҳолида кимёвий моддалар, синтетик дори воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хомашё ва зарур жиҳозлар топилди, дея хабар беради Давлат хавфсизлик хизмати.

“Терговга қадар ўтказилган текширувлар давомида гиёҳвандлик воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланилган асбоб-ускуналар, хомашё ва прекурсорлар хориждан олиб келингани, тайёр дори воситаларини сотиш интернет тармоғи орқали амалга оширилгани аниқланди”, — дейилади хабарда.

Қора бозорда топилган дориларнинг нархи 900 минг долларга баҳоланмоқда. Дори лабораториясида сақланаётган 400 килограммдан ортиқ кимёвий моддалар ва хомашё ёрдамида эса 50 килограммга яқин синтетик дори воситаларини ишлаб чиқариш мумкин.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 246-моддаси «Контрабанда» ва 273-моддалари “Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар, шу жумладан уларни реализация қилиш” билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.