Тошкентда ўқитувчи болалар қолларига мих ва «саморез»лар санчган

Фото: Daryo

Тошкентдаги мактаблардан бирида ўқитувчи ўз ўқувчиларини мих ва «саморез»лар билан санчиб, шафқатсизларча жазолаган, деб ёзмоқда “Дарё” нашри.

Ота-оналарнинг айтишича, воқеа Сергели туманидаги 277-мактабда содир бўлган. Ўқитувчи болаларнинг қўлларига мих ва «саморез»лар санчган. Шунингдек, ўқитувчи бу ҳақда бировга айтса, болаларнинг қўлига мих қоқиб қўйиш билан таҳдид қилгани ҳам айтилади.

«Қизим биринчи синфда. Маълум бўлишича, болаларни жазолаш учун улар қўлларига «саморез»лар санчган. Ота-оналар бундан яқинда хабар топишди», деган оналардан бири.

Унинг хабар беришича, 2023-2024 ўқув йили бошидан буён вазият такрорланган. Яна бир ота-онанинг айтишича, ўқитувчи биринчи синфга эндигина қадам қўйган ўқувчиларни хатолари учун жазолаган.

16-апрель куни норози ота-оналар мактаб директори билан учрашувга келган, бироқ у бу воқеа у мактабда бўлмаган вақтида содир бўлганини айтиб, жавобгарликдан қочишга уринган. Директор ота-оналарга домлага танбеҳ берганини ва у ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзганини айтди.

«Бироқ домла ўз хатосини тан олмай, шу йўл билан фарзандларимизга таълим беришини, билим беришини айтди», – дейди ота-оналар.

Маълум қилинишича, тумандаги болалар мактаби бўлими ва 277-мактаб директори яқин кунларда қўшимча маълумот беради.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.