Тошкентда уй подъездида қизга ҳужум қилган эркакни излашмоқда
Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида 4 сентябрь куни номаълум шахс подъездга кириб кетаётган қизга ҳужум қилди. Бу ҳақда Ўзбекистонда зўравонликка қарши курашувчи Nemolchi.uz лойиҳаси хабар берди, деб ёзади “Газета” нашри.
«Қиз ўз подъездига кириб кетаётганида номаълум йигит унга орқадан ҳужум қилди. Уни ерга йиқитиб, интим аъзоларига тегина бошлади. Қиз даҳшатга тушиб, қичқирди, қўшнилар эса югуриб чиқди. Йигит қўрқиб, жиноят жойидан қочиб кетди», — дейилади хабарда.
Бу маълумотни нашрга Тошкент шаҳри ИИББ матбуот хизмати тасдиқлаган.
Аниқланишича, воқеа Мирзо Улуғбек шоҳкўчасидаги уйда содир бўлган. «Эркак қизнинг орқасидан келиб, уни қучоқлаган, қиз қўрқиб кетган ва сумка билан урган, шундан сўнг номаълум шахс қочиб кетган», — дейилади хабарда.
Ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Эркак ҳали қўлга олинганича йўқ.
Шарҳлар