Тошкентда уй-жой ижарасининг нархи пасайди
2024 йил июнь ойида Тошкент шаҳрида ижарага бериладиган уй-жойларнинг ўртача нархи 1,2 фоизга пасайиб, ҳар метр квадрат учун $8,3 ни ташкил қилди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар беради.
Мутахассислар Миробод, Шайхонтохур ва Яккасарой туманларида ижара нархи юқорилигича қолаётганини, бу ерда ижара нархи ҳар метр квадрат учун $10,2 ни ташкил қилишини қайд этади.
Уй-жойларнинг энг арзон ижараси Олмазор, Сирғали ва Бектемир туманларида қайд этилган – ҳар метр квадрат учун $6,4.
Йил бошидан бери ижара нархлари 9,8 фоизга, ўтган йилнинг июнига нисбатан эса 5,5 фоизга пасайган, дея қайд этади ИТИМ.
Ижара нархининг энг катта пасайиши Яшнобод ва Мирзо-Улуғбек туманларида кузатилган, уларда нархлар 12 фоиздан кўпроққа пасайган. Шунингдек, Юнусобод ва Яккасарой туманларида ҳам сезиларли пасайиш кузатилган – 8,3 фоиз.
Шарҳлар