Тошкентда волонтёрлар томонидан қутқарилган ит ва мушуклар кўргазмаси бўлиб ўтади

Источник: unsplash.com

Бошпанасиз ҳайвонларни ҳимоя қилувчи “Ҳаёт” жамияти, “Мушуккент” лойиҳаси ва Тошкент ҳайвонот боғи ҳамкорлигида ит ва мушуклар кўргазмаси ташкил этилади. Бу ҳақда Sputnik нашри “Ҳаёт” бошпанасининг раҳбари Ирода Маткаримованинг сўзларига асосланиб хабар берди.

Тошкент ҳайвонот боғида 14 ва 15 май кунлари соат 10.00 дан 17.00 гача волонтёрлар томонидан қутқарилган бошпанасиз ҳайвонлар кўргазмаси бўлиб ўтади.

Ҳар бир ҳайвоннинг ўзига хос қийин тақдири бор, лекин уларнинг барчасини битта буюк истак – ўзининг меҳрибон эгасини топиш истаги бирлаштиради.

Ташкилотчилар кўргазма туфайли уй ҳайвонлари тез орада севимли эгаларининг қўлига етиб боришига умид боғлашмоқда.

Дастурдан Тошкент шаҳридаги халқ амалий санъати усталари, ҳунармандлар ва зоодўконлар ярмаркаси, аниматорлар иштирокидаги болалар учун шоу-дастур, таниқли рассомларнинг чиқишлари, шунингдек, “Мен ҳайвонларни яхши кўраман” болалар расмлари танлови ўрин олган.

Кўргазмага кириш пуллик – 10 минг сўм. Маблағнинг бир қисми ҳайвонларни даволаш, дори-дармонлар ва стерилизация қилишга сарфланади, – дея аниқлик киритди «Хаёт» бошпанасининг раҳбари.

Уй ҳайвонлари учун  қўлда ясалган буюмлар ва товарлар савдосидан тушган маблағнинг бир қисми ҳам “Ҳаёт” бошпанаси ва “Мушуккент” лойиҳасига йўналтирилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.