Тошкентда жамоат транспортида тегажоғликларга қарши акция ишга тушди
Тошкентлик волонтёрлар жамоаси Toshshahartransxizmat АЖ компанияси билан биргаликда фроттеризм ва жамоат транспортидаги бошқа зўравонликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш бўйича кампанияни ташкил қилди.
Шунингдек сайт ишга тушди ва янги чипталар жорий этилган бўлиб, уларда транспортда тегажоғлик қурбонига ёки угвоҳига айланган бўлсангиз, нималар қилиш кераклиги ҳақида ахборот бор. Бундан ташқари, Тошкент жамоат транспортидан фойдаланувчилар орасида ижтимоий сўров ҳам ўтказилган.
Сўровномада 100 га яқин респондент иштирок этган. Иштирокчиларнинг 77,5 фоизини аёллар, 22,5 фоизини эркаклар ташкил қилган.
Сўровнома якунларига кўра, 12,5 фоиз овоз доимий равишда, 40 фоизи эса бир ёки икки марта жамоат транспортида шу каби ҳолатларга дуч келгани айтилган. Таъкидланишича, сўровномада қатнашганларнинг 60 фоизи тегажаклик ҳолатига дуч келган. Уларга мазкур ҳолатда қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида савол берилган.
Респондентларнинг 51 фоизи қандай йўл тутишни билмаслигини айтган. «Нега жабрланувчилар ёрдам сўрашга ҳаракат қилмайди?» деган саволга қуйидаги жавоблар берилган:
— Ўзимни қандай тутишни билмайман – 49 фоиз;
— Айбдорнинг жазоланишига ишонмайман – 22 фоиз;
— Айбдорлик ва уят ҳисси – 19,5 фоиз;
— Айбдордан қўрқиш ҳисси – 8,5 фоиз.
Шунга қарамай, сўровнома иштирокчиларининг 87 фоизи бу муаммони жуда долзарб баҳолаган. 93 фоиз иштирокчи зўравонликнинг олдини олиш учун ишлатиладиган чора-тадбир ҳақида тушунчага эга эмаслигини айтган.
Қайд этилишича, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ зўравонлик ҳолатида чиптачи ёки ҳайдовчига мурожаат қилиш кераклиги айтиб ўтилган янги намунадаги йўл чипталарини чиқаришни режалаштирган. Бундан ташқари, транспортда фавқулодда хабар қилиш тугмаси ўрнатилиши қайд этилган.
Лойиҳа миссияси:
- ушбу муаммо бўйича аҳолининг хабардорлигини ошириш;
- жамоат транспортида безорилик ҳолатларига гувоҳ бўлган инсонларни бефарқ бўлмасликка чақириш.
- имкон қадар кўпроқ фроттеризм ҳолатларининг олдини олиш (фроттерчилар — бу оломон орасида, кўпроқ одамга тўла жамоат транспортида бошқа одамларга суркалишга ва ушлаб кўришга уринадиган кишилар);
- жабрланувчиларга жим туриш уят эмаслигини ва муаммони эълон қилиш кераклигини етказиш;
- жамоат транспортида суркалиш ҳолатларини аниқлаш механизмларини ишлаб чиқиш;
- жабрланувчилар жамоат транспортида таъқиб қилинса, нима қилиши керак ва уларни ҳимоя қилиш бўйича кўрсатмалар ишлаб чиқиш.
Шарҳлар