Тошкентдаги Абдулла Қодирий номидаги боғдан 64 та дарахт ноқонуний кўчириб ўтқазилган
Kun.uz нашри 14 февраль куни Тошкентдаги Абдулла Қодирий номидаги боғдан 64 та дарахт кўчирилгани ҳақида хабар берган эди. Тошкент экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бу дарахтлар ноқонуний равишда кўчириб ўтказилганини маълум қилади.
Суратдаги майдон дарахтзор эди, энди у ерга бино қурилади.
Қайд этилишича, Олмазор туманидаги Абдулла Қодирий боғи январь ойида давлат инспекторлари томонидан ўрганилган.
Ўрганиш жараёнида боғ ҳудудида қурилиш ишлари олиб борилиши учун ажратилган ер майдонидаги дарахтлар тадбиркор томонидан керакли ҳужжатлар расмилаштирмасдан ноқонуний равишда бошқа жойга кўчирилганлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан инспекторлар жойида баённома расмийлаштириб, тадбиркорга Маъмурий кодекснинг 79-моддаси 1-қисми билан 1 350 000 сўм жарима ҳамда ўсимлик дунёсига 7 614 000 сўм етказилган зарар миқдори белгиланиб, чора кўрилган.
Қайд этиш лозимки, Абдулла Қодирий боғи ҳудудининг бир қсми ҳукуматнинг ёпиқ қарор(лар)и билан инвесторларга сотиб юборилган.
Қурилиш корхонаси вакили Kun.uz билан суҳбатда дарахтларни кўчириб ўтказиш бўйича тегишли хусусий ташкилот билан шартнома қилингани, шартномага асосан у ташкилот кўчириб ўтказилган дарахтлар 2 йил давомида қуриб қолмаслигига кафолат берганини маълум қилди.
Шарҳлар