Тошкентдаги «Бунёдкор» стадиони ёнида 200 млн долларга бизнес марказ қурилади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Чилонзор туманининг саноат ва инвестицион жозибадорлигини ошириш тўғрисидаги қарорни имзолади.
Ҳужжатга кўра, «Бунёдкор» стадиони автотураргоҳи ҳудудида замонавий бизнес марказ қурилиши лойиҳаси амалга оширилади. Ушбу мажмуа 2023-2025 йиллар оралиғида барпо этилиши режалаштирилган бўлиб, меҳмонхона, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, кўп хонадонли уйлар ва кўп қаватли автотураргоҳни ўз ичига олади.
Вазирлар Маҳкамаси ва пойтахт ҳокимлигига 2023 йил охиригача лойиҳани амалга ошириш учун ер участкалари ажратиш вазифаси топширилди.
Қарор иловасида инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхатига қиймати 2 триллион 304 миллиард сўм ёки қарийб 200 миллион долларлик “Ақлли шаҳар” лойиҳаси киритилган. У савдо маркази, меҳмонхона, бизнес-марказ, IT-марказ, кўп қаватли автотураргоҳ ва тураржой мажмуасини ўз ичига олиши керак.
Лойиҳа ташаббускорларнинг 400 миллиард сўмлик ўз маблағлари ҳамда 160 миллион доллар миқдоридаги хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобидан молиялаштирилади. Мажмуанинг ишга туширилиши 2025 йил 30 декабрга белгиланган.
Шарҳлар