Тошкентлик фирибгар мингдан ортиқ фуқаронинг банк карталаридан 550 млн сўм ўғирлагани аниқланди
Самарқанд вилоятида яшовчи Б.У исмли шахс банк картасидан 7,3 миллион сўм пул ўғирлангани ҳақида ариза билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган. Тезкор-қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни Тошкент шаҳрида яшовчи K.A. содир этгани аниқланди.
Маълум бўлишича, фирибгар жабрланувчига қўнғироқ қилиб, ўзини Lamifarm ташкилоти вакили сифатида таништирган ва унга телевизор ва кондиционер ютиб олганини маълум қилган.
Совринни олиш учун Б.У.dan СМС орқали олинган код бўйича 200 минг сўм ўтказишни сўраган. Жабрланувчи Payme тўлов тизимининг кодини бергач, К. А. фуқаро Б. У.нинг банк картасидан ўзининг ҳисоб рақамига 7,1 миллион сўм ўтказиб, унга киришни блокировка қилиб қўйган.
Кейинги тергов-суриштирув ишлари давомида гумондор Telegram мессенжерида CALL CENTER номли аккаунт яратиб, 1000 дан ортиқ фуқароларнинг 550 миллион сўмдан ортиқ пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштиргани маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан K.A.гa нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «д» банди (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар