Тошкентнинг барча туманларида COVID-поликлиникалар очилди
Тошкент шаҳрининг барча туманларида коронавирусга чалинган, касаллиги яширин ёки енгил кечадиган беморларни қабул қилиш учун махсус COVID поликлиникалари очилди. Бу ҳақда «Фергана» нашри Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг матбуот хизматига таянган ҳолда ёзади.
Бундай тиббиёт муассасаларининг ходимлари беморларга амбулатория шароитида ёки уйда ёрдам кўрсатадилар. Шунингдек, 12та кўп тармоқли ва 66 а оилавий поликлиникада махсус сайёр гуруҳлар ташкил этилган.
Ўзбекистонда коронавируснинг «омикрон» штамми билан касалланиш ҳолатлари қайд этилгани ҳақидаги хабардан сўнг тез тиббий ёрдам станцияларига юкланиш ортгани сабабли шундай чоралар кўрилди. Масалан, 12 январь куни Тошкент шаҳар «103» хизматига 4888 та мурожаат келиб тушган. Коронавирус билан касалланганлар қаторида шамоллаш аломатлари бор фуқаролар ҳам COVID-19 билан касал бўлиб қолишларидан қўрқиб, қўнғироқ қилишган.
Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев мазкур хизмат фаолиятини шахсан текшириш ниятида 14 январь куни тунги соат 3.00 да Тошкент шаҳридаги тез тиббий ёрдам станциясига ташриф буюрди. Станцияга ҳайдовчилар билан бирга 40 та замонавий жиҳозланган тез тиббий ёрдам машинаси бириктирилиши бўйича топшириқ берди. Колл-марказ фаолияти самарадорлигини ошириш учун яна 30 нафар оператор ишга олинади. Тез ёрдам бригадаларига меҳнат фаолияти учун 100 та планшет берилади ва керакли миқдорда коронавирусга қарши дори -дармонлар тўплами — Covid-box — ажратилади.
Айни пайтда мамлакатда кунига аниқланган COVID-19 ҳолатлари сони ўсишда давом этмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 13 январь куни 824 нафар (бир кун аввал 714 нафар) касалликка чалинган фуқаролар рўйхатга олинган. Касалланганларнинг ярмидан кўпи – 434 нафари Тошкент шаҳрида аниқланган. Ҳар куни COVID-19 уч-тўрт кишининг ҳаётига зомин бўлмоқда.
Мамлакатда COVID-19 билан касалланишнинг биринчи ҳолати қайд этилган 2020 йилнинг 15 мартидан буён деярли 203,3 минг кишида коронавирус аниқланган, улардан 1511 нафари вафот этган.
«Омикрон» Ўзбекистонда 7 январь куни қайд этилди. Мамлакатда карантин чоралари кучайтирилди, барча ташкилотлар раҳбарларига ходимларни эмлашни таъминлаш мажбурияти юкланди, талабалар ва мактаб ўқувчиларининг таътиллари 24 январга қадар узайтирилди. Давлат органлари ва хўжалик бирлашмаларига тадбирлар ўтказиш тақиқланди.
15 январдан бошлаб Ўзбекистонга четдан келаётганларнинг барчаси (автомобилда келаётганлар бундан мустасно) келишидан камида 48 соат олдин салбий натижага эга ПЦР тести сертификатини тақдим этиши, шунингдек аэропорт, темир йўл станцияси ёки чегара ўтиш пунктларида коронавирусга қарши экспресс-тест топширишлари шарт.
Шарҳлар