Тожикистон-Ўзбекистон чегарасида ўнлаб юк машиналари тўхтаб қолди

Затор на границе
Кадр из видео

Тожикистон ва Ўзбекистон чегарасида кўплаб юк машиналари тўхтаб қолмоқда. Ҳайдовчиларнинг сўзларига кўра, юк машиналари чегарадан ўтиши учун лицензия нархининг ошиши бунга сабабчи бўлган, чунки бу  юк ташишни даромадсиз ишга айлантиради.

Матча туманидаги «Фотехобод» назорат-ўтказиш постида юк машиналари тўпланиб қолган. Юк машиналаридан бирининг ҳайдовчиси 2024 йил бошидан ҳужжат олиш қийинлашгани ва у қимматга тушаётганини айтади.

“Биз нима учун бу қоғоз – рухсатнома нархи бирданига 100 фоизга ошиб, 130 долларга етганини билмаймиз. Расмийларнинг ҳеч бири бизга бу борада ҳеч қандай изоҳ бермаяпти”, – дейди у.

Бошқаси бундай нархлар катта қийинчиликлар туғдиришини айтади.

“Хўжанддан Тошкентга юк ташиш учун юк эгаси йўл ҳақи учун 450 доллар тўлайди, Ўзбекистонга ўтиш учун биз 220 доллар, рухсатнома учун эса 130 доллар тўлаймиз. Бундан ташқари, Тожикистонгача юрганимиз учун йўл ҳақини тўлаймиз, бироқ дизель ёқилғисининг нархлари билан бу унга арзимайди”, – дейди ҳайдовчи.

Рухсатнома Ўзбекистон томонидан Тожикистон Транспорт вазирлигига юбориладиган ҳужжат ҳисобланади. У ҳайдовчиларга хусусий хизмат кўрсатувчи компаниялар томонидан тақдим этилади.

“Ҳаммаси тез орада ҳал қилинади”

Бу орада эса, Сўғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода 6 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида “барча муаммолар Тожикистон Транспорт вазирлигига етказилганини ва масала яқин кунларда ҳал қилинишини” айтган.

“Мана шу масала юзасидан вилоят божхона бошқармаси, Миллий давлат хавфсизлик қўмитасининг Сўғд вилояти бўйича Чегара хизмати вилоят бошқармасига, вилоят раисининг ўринбосари ва ҳуқуқий масалалар бўйича бошқарма бошлиғига мурожаат қилдик. Шунингдек, Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги орқали Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Абдужаббор Раҳмонзода билан боғландик. Кейин комиссия тузилди. Комиссия аъзолари «Фотехобод» назорат-ўтказиш пунктига келиб, йиғилиш ўтказди. Мавжуд муаммолар мамлакат Транспорт вазирлиги эътиборига ҳавола этилди», – деди у.

Вилоят раҳбарининг сўзларига кўра, ҳайдовчиларга қулайроқ бўлиши учун келгусида корхоналар рухсатномаларни банк ўтказмаси йўли билан сотиб олиши бўйича кўрсатма берилган.

“Ушбу рухсатномаларни берувчи айрим корхоналарда ноқонуний фаолиятлар аниқланган. Бу масала билан мамлакат Транспорт вазирлиги шуғулланмоқда. Шу масалаларни муҳокама қилиш учун Бош вазир Коҳир Расулзода билан ҳам боғландим. Ишончим комилки, яқин кунларда юк машиналари «Фотехобод-Ойбек» назорат-ўтказиш пункти орқали кесиб ўтишга рухсат олиш билан боғлиқ муаммо ҳал бўлади”, — деди Ражаббой Аҳмадзода.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.