Трамп Украина тичлиги учун ҳаракат қилади, лекин Қримни қайтаришга аралашмайди
Украина президенти Владимир Зеленский АҚШнинг янги сайланган президенти Доналд Трамп билан телефон орқали мулоқотдан сўнг, Трамп маъмурияти даврида Россия билан уруш кутилганидан тезроқ тугаши мумкинлигига ишонч билдирди. Бу ҳақида BBC нашри хабар бермоқда.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, улар ўртасида конструктив суҳбат бўлиб ўтган. Трампнинг Россия билан музокаралар бўйича бирор талаб қўйган ёки йўқлигини аниқ айтмаган Зеленский, аммо янги президентдан Украинага зид келувчи фикр эшитмаганини таъкидлади.
Трамп аввалроқ, агар сайловларда ғалаба қозонса, Украинадаги урушни тўхтатишни устувор вазифа деб билишини бир неча бор таъкидлаган эди. Шу билан бирга, у Украина учун кўрсатилаётган кенг кўламли ҳарбий ёрдамни АҚШ ресурсларининг сарфи деб атаб, бундай ёрдамни чеклашини билдирган.
“Мен ишонаманки, уруш янги маъмуриятнинг сиёсати туфайли тезроқ тугайди. Бу уларнинг ёндашуви ва ўз фуқароларига берган ваъдасидир”, – деди Зеленский Украина ОАВга берган интервюсида.
Бироқ, сайловлардан икки кун ўтиб, Трампнинг яқин маслаҳатчиси Браен Ланза янги маъмурият тинчликка эришиш учун ҳаракат қилса-да, Украина йўқотган ҳудудларни, айниқса Қримни қайтаришга ёрдам бермаслигини билдирган.
Зеленский урушни келаси йилда тугатиш учун ҳамма нарсани қилиш кераклигини айтиб, дипломатик ечимга умид қилаётганини билдирди. Бироқ музокаралар фақат куч позициясида ва АҚШнинг қўллаб-қувватлови билан бошланиши кераклигини таъкидлади.
Шу билан бирга, у Россия президенти Владимир Путин адолатли тинчликка эришишга қизиқмаслигини, аммо унинг сиёсий изоляциясини тугатиш манфаатли бўлишини қўшимча қилди.
Ўтмишдаги мураккаб муносабатлар
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда Трамп Зеленский маъмуриятига босим ўтказиб, ўз рақиблари устидан тергов бошлашни талаб қилгани учун АҚШ Конгресси демократлари уни импичмент қилишга ҳаракат қилган эди. Шунингдек, Трамп Украина учун ҳарбий ёрдамни тўхтатганликда ва Зеленскийни Оқ уйга таклиф қилишни кечиктирганликда айбланган.
Ҳозирда Трамп Зеленский билан яхши муносабатда эканини ва сентябрь ойида Нью-Йоркда Украина президенти билан учрашганидан кейин кўп нарсани англаганини айтди. У урушни жуда тез тугатишини яна бир бор ваъда қилган.
Аммо унинг қандай режалари борлиги ҳозирча аниқ эмас. Демократлар Трампни Путин билан яқинликда айблаб, унинг ёндашуви Украинани таслим бўлишга мажбурлаши ва Европа хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлигини айтмоқдалар.
АҚШ Конгресси яқинда Украинага 61 миллиард доллар ҳарбий ёрдам пакетини маъқуллади. Феврал 2022 йилдан июн 2024 йилгача АҚШ Украинага 55,5 миллиард доллар миқдорида қурол ва техника етказиб берган.
Шарҳлар