Bo'limsiz

Туристларни жалб қилганлиги учун Ўзбекистон туроператорларига субсидиялар тақдим этилади

Фото: unsplash.com

Президент “Туризм соҳасидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш ва давлат бошқаруви тизимини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Туристлар оқимини кўпайтириш ва туроператорларни қўшимча давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб туристлар оқими паст бўлган хорижий давлатлардан Ўзбекистонга жалб этилган ҳар бир сайёҳ учун туроператорларга   20 АҚШ долларидан 100 АҚШ долларигача эквивалантда рағбатлантирувчи субсидиялар тўланади. Маблағлар давлат бюджети ва Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан ажратилади .

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан туристик оқими паст бўлган хорижий давлатлар рўйхати, жалб қилинадиган туристлар сони, рағбатлантирувчи субсидиялар миқдори ва бериш тартиби тасдиқланади.

Туроператорлар ва авиаташувчиларнинг хорижий давлатлардан «Самарқанд», «Бухоро» ва «Урганч» халқаро аэропортларига чартер рейсларини ташкил этиш харажатларининг бир қисми қопланади.

2024 йил 1 январдан бошлаб инвесторларнинг баландлиги камида 5 қават бўлган янги меҳмонхонани қуриш (реконструкция қилиш бундан мустасно) ва жиҳозлаш бўйича ҳаражатларининг бир қисмини, агар у 2026 йил 31 декабргача фойдаланишга топширилган бўлса, компенсация қилиш тизими жорий этилади. Меҳмонхона уч юлдузли тоифага ва камида 60 та хонага ёки тўрт ёки беш юлдузли тоифага ва камида 120 хонага эга бўлиши керак.

Янги меҳмонхона қурилиши ва жиҳозланиши давлат бюджети ҳисобидан қопланади (ҳар бир хона учун):

  • уч юлдузли – 40 миллион сўм;
  • тўрт ёки беш юлдузли — 65 миллион сўм.

Республиканинг меҳмонхоналар мавжуд бўлмаган вилоятларида (шаҳарларида) қурилаётган янги меҳмонхоналар учун юқоридаги харажатлар 50 фоизга оширилган ҳолда қопланади:

  • 4 ёки 5 юлдузли тоифадаги биринчи иккита меҳмонхона;
  • 3 юлдузли тоифага эга биринчи учта меҳмонхона.

Ҳужжатда, шунингдек, франчайзинг шартномаси кучга кирган кундан бошлаб уч йил мобайнида дунёнинг таниқли ва нуфузли меҳмонхона брендларидан фойдаланувчи Ўзбекистон резидентлари – ташкилотларнинг роялти харажатларини 2026 йил 31 декабргача қуйидаги миқдорларда (ҳар бир хона учун йилига эквивалентда) қисман молиялаштириш ҳам назарда тутилган:

  • уч юлдузли меҳмонхоналар – 200 доллар;
  • тўрт юлдузли – 400 доллар;
  • беш юлдузли – 600 доллар.

Бюджетдан ташқари туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Хавфсиз туризм жамғармаси Туризм қўмитасига ўтказилади.

2023 йил 1 сентябрдан бошлаб қуйидагилар мавжуд бўлиши талаблари бекор қилинади:

  • турагентларда электрон тўловлар, бронь қилиш хизматларини кўрсатувчи камида икки хорижий тилда фаолият кўрсатувчи веб-сайтнинг бўлиши;
  • туроператорларда электрон тўлов хизматларини кўрсатиш учун веб-сайтнинг бўлиши.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.