Туркиядаги зилзила оқибатида Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди

Обрушение здания в турецком городе Малатья. Источник: Sputnik / Сертач Каяр

Туркиядаги зилзила натижасида Малатья вилоятида Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди, дея хабар беради Ўзбекистон ТИВ.

Тўрт нафар ўзбекистонлик бедарак йўқолганлар рўйхатида. Уларнинг жойлашувини аниқлаш учун қидирув-қутқарув ишлари олиб борилмоқда.

Туркияга жўнатилган Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг вакиллари 10 мингдан ортиқ ўзбек истиқомат қиладиган Хатай тумани Овакент қишлоғида қидирув-қутқарув ишларини бошлади.

Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси ва Истанбулдаги Бош консуллиги ҳамкорлигида ватандошларни табиий офат содир бўлган ҳудудлардан хавфсиз жойларга кўчириш ва ўз ватанларига қайтариш чоралари кўрилмоқда.

Хусусан, Туркия томони кўмагида 3-6 февраль кунлари Қаҳрамонмараш шаҳрида эркин кураш бўйича 20 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида ўтказилган халқаро мусобақаларда иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Анқара шаҳридаги таълим муассасасига вақтинча жойлаштирилди. Ҳозирда уларни Ўзбекистонга қайтариш масаласи ишлаб чиқилмоқда.

Ҳозирда Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонасида зилзиладан жабр кўрган фуқароларга ёрдам кўрсатиш ва уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш учун кечаю-кундуз ишлайдиган штаб ташкил этилган: +90-538-035-85-34.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.