Туркия 2024 йилнинг 3-чорагини туризмда рекорд натижа билан якунлади
Туркия Маданият ва туризм вазирлиги Истанбулдаги матбуот анжуманида Туркиянинг 2024 йил 3-чорагидаги туризм натижаларини эълон қилди. Туркия Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой 2024 йилнинг 9 ойида Туркияга ташриф буюрган сайёҳлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 фоизга ортиб, 49,2 миллион кишига етганини маълум қилди.
Худди шу даврда Туркиянинг туризмдан тушган даромади 7 фоизга ўсиб, 46,9 миллиард долларни ташкил этди. Туркияда халқаро сайёҳнинг кунлик ўртача харажати киши бошига 107 долларга етди. “Бу йилнинг дастлабки 9 ойлик кўрсаткичлари Туркия Республикасининг шу кунгача эришган энг юқори натижасидир, шунинг учун йил якуни мақсадимиз сайёҳлар сонини 61 миллиондан ошириш!” – дейди Туркия Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой.
Истанбул ва Анталияда туристлар сони бўйича кучли ўсиш қайд этилди
Туркиянинг энг йирик метрополиси Истанбул 9 ой ичида 14 миллиондан ортиқ халқаро зиёратчини қабул қилди. Истанбулнинг энг йирик туристик марказлари бўлган Тарихий ярим орол, Таксим майдони, Каракўй туманлари ва шаҳарнинг Европа ва Осиё томонидаги Босфор бўғози Америка, Европа, Африка, Австралия ва Осиё минтасининг 200 дан ортиқ давлатидан сайёҳларни қабул қилиб, 7 фоизлик ўсишга эришди. “Туркиянинг туризм пойтахти” сифатида танилган Анталия 13,3 миллиондан ортиқ сайёҳ билан Шарқий Ўртаер денгизидаги етакчилигини сақлаб қолди.
Туркиянинг энг йирик бозорларида барқарор ўсиш кузатилди
Туркиянинг йирик туристик марказлари Анталия, Истанбул, Измир ва Муғлага сайёҳларнинг оқими натижасида Туркиянинг анъанавий энг йирик бозорлари бўлган Россия, Германия ва Буюк Британия ўсишда давом этмоқда.
2024-йилнинг январ-сентябрь ойлари орасида рус сайёҳларининг сони 6 фоизга ўсиб, 5,5 миллиондан ортиқни ташкил этди. Худди шу даврда немис туристлари сони 5,2 миллиондан ошди, Германия бозори эса 6 фоизга ўсди. Йилнинг биринчи 9 ойида Туркияга деярли 3,7 миллион британиялик зиёратчи ташриф буюрди ва Буюк Британия бозорида 17% ўсиш қайд этилди. Хитойлик сайёҳларнинг сони ўтган йилга нисбатан 84% ўсиш билан 312.000 дан ошди. Туркияга ташриф буюрувчилар мамлакатнинг чуқур маданий ва тарихий мероси, бой гастрономик маданияти ва шаҳар тажрибаси, шунингдек, унинг ажойиб манзараларидан баҳраманд бўлишади.
Шарҳлар