Туркияга бораётган фуқаролар ҳам огоҳлантирилмоқда

Миграция агентлиги ахборот хизмати томонидан берилган маълумотларга кўра, бугунги кунда Туркияга кириш ва чиқиш чегара пунктларида ички ишлари органлари ходимлари томонидан мамлакатга келаётган чет эл фуқароларига нисбатан қатъий текширувлар амалга оширилмоқда.

Ушбу амалиёт доирасида Туркия хукумати 20-35 ёшдаги хорижликларга нисбатан қатъий текширувлар ўтказмоқда.

«Ўзининг хатти-ҳаракатлари билан шубҳа уйғотган шахслар билан миграция хизмати ходимлари томонидан суҳбат ўтказилиб, шахсий уяли телефонлари текширилиши ҳолатлари ҳам учрамоқда. Терроризм, одам савдоси ва бошқа жиноятларга алоқадорликда гумонланганлар, тақиқланган товарларни олиб ўтишга уринган шахслар «Туркияга кириши исталмаган йўловчи» сифатида баҳоланиб, Туркия ҳудудига киритилмасдан мамлакатига қайтариб юборилмоқда», – дейилади хабарда.

Маълумотларга кўра жорий йилнинг январь-февраль ойлари давомида Туркияга киритилмаган 163 нафар Ўзбекистон фуқароларидан 54 нафари муқаддам Туркияга келиб, қонунбузарлик содир этиб киришига тақиқ қўйилганларни ташкил этган.

Бундан ташқари айрим ўзбеклар Истанбул аэропортида полиция ходимларининг қўпол муомаласи ҳақида шикоятлар ҳам билдирган.

Ўз ўрнида, фуқароларимиздан маҳаллий қонунларни ҳурмат қилиб уларга тўлиқ риоя этишларини сўраб, олдин қонунбузарлик содир этиб депортация қилинган фуқаролардан эса Туркияга кириш тақиқи бор ёки йўқлигини Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги Туркия дипломатик ваколатхоналаридан ўрганган ҳолда келишлари тавсия қилинади.

Аввалроқ, Россияга бораётган ўзбекистонликлар огоҳлантирилганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.