Россияга бораётган Ўзбекистон фуқаролари огоҳлантирилмоқда
Россия Федерациясининг Москва вилоятида 22 март куни юз берган теракт сабабли бутун мамлакат бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ёзмоқда.
«Шу муносабат билан, Россияга бораётган, ушбу мамлакат ҳудудида бўлиб турган ёки мамлакатдан чиқиб кетаётган юртдошларимиздан ушбу хавфсизлик чоралари талабларини инобатга олган ҳолда ҳаракатланишни сўраймиз», – дейилади хабарда.
Хусусан, шахсни тасдиқловчи ва мамлакатда бўлиш ёки ишлаш ҳуқуқини бурувчи ҳужжатларни ўзлари билан бирга олиб юриш, жамоат жойларга сабабсиз бормаслик, нотаниш ёки шубҳали инсонлар билан мулоқотга киришмаслик, телефон ва бошқа қурилмаларда тақиқланган фото, аудио ва видео материалларни сақламаслик, сафар режалаштирилган бўлса, вокзал ёки аэропортга белгиланган вақтдан олдинроқ бориш кабилар тавсия қилинади.
Юртдошларимиз бирор муаммога дуч келганда ёки ўзларини қизиқтирган бошқа саволлар билан мамлакатимизнинг консуллик идоралари ёки Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонасига мурожаат қилиши мумкин.
Шарҳлар