Уч ёшгача фарзанди бор талаба-қизларга масофавий таълим олиш имконияти яратилади

Foto: Prezident matbuot xizmati

Президент бошчилигидаги йиғилишда вилоят, туман ҳокимларига ёз мавсумида мактаб, техникум, олийгоҳ, истироҳат боғларида меҳнат ярмаркаларини ўтказиш топширилди. Бу орқали вакант ўринларга камида 150 минг ёшларни ишга жойлаштириш мумкин.

Ёз ойларида “қурилиш отрядлари”ни ташкил этиб, 100 минг ёшларни ойлик берадиган ишларга жалб қилиш муҳимлиги қайд этилди.

Тадбиркорларнинг ёшларни касбга ўқитиш ва ишга жойлаштириш борасидаги ташаббуслари бундан буён ҳам қўллаб-қувватланиши таъкидланди.

Янги ўқув йилидан бошлаб мактаб, коллеж, техникум ўқувчиларини касбга ўргатиб, иш бераётган тадбиркорларнинг бу харажатлари солиқ базасидан чегириб ташланади. Ўқувчиларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқ 1 фоиз қилиб белгиланади.

Шунингдек, бундан кейин ҳам қизларнинг таълим олиши, даромад топиши, шароитларини яхшилаш борасидаги ишлар давом эттирилиши таъкидланди.

Жумладан, оғир шароитга тушиб қолган уй-жойга муҳтож қизлар учун 1 хонали ижтимоий уйлар қурилади. Улар ишга жойлашиб, оёққа туриб олгунга қадар, ушбу уйларда 3 йил давомида бепул яшаши мумкин бўлади.

Ҳокимларга ижтимоий уйларнинг намунавий лойиҳасини қилиб, қурилишни бошлаш топширилди.

Соғлиги туфайли ишга қатнай олмайдиган қизларнинг яшаб турган хонадонида масофавий иш билан таъминлаш чоралари кўрилади. Бундан ташқари, уч ёшгача фарзанди бор талаба-қизларга масофавий таълим олиш имконияти яратилади.

Сўнг давлат раҳбари ёшлар билан мулоқот қилди.

Сўзга чиққан йигит-қизлар бир қатор таклиф ва ташаббусларини илгари сурди.

Жумладан, мустақил Ўзбекистон темир йўллари ташкил топганининг 30 йиллигига темир йўл соҳасида халқаро форум ташкил қилиш, Марказий Осиё ва Туркий давлатлар ёшлари билан экологик масалаларни доимий муҳокама қилиш мақсадида Халқаро кенгаш тузиш таклиф қилинди.

Мамлакатда органик маҳсулот етиштиришни қўллаб-қувватлаш, “Иқтидорли ёш кадрлар” электрон платформасини ишга тушириш, “Келажак касблари лойиҳаси” доирасида тил ўрганиш тартибини такомиллаштириш юзасидан ҳам фикрлар билдирилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.