Украина МДҲ мамлакатлари етакчиларининг ғалаба парадидаги иштирокини дўстона бўлмаган қадам деб атади

Фото: kremlin.ru

9 май куни Москвадаги Қизил майдонда ўтказилган ғалаба парадида Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбарлари иштирок этди. Украина Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида қайд этилишича, ушбу мамлакатлар раҳбарларининг парадда иштирок этиши Украинага нисбатан дўстона бўлмаган қадам ва украин халқига нисбатан бефарқликнинг намойиш этилишидир.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги Россия Федерацияси президенти Владимир Путин ўз нутқида “украинларнинг ўлдирилишини, Украина шаҳар ва қишлоқларининг вайрон қилинишини, украиналик болаларнинг ўғирланиши ва босиб олинган Украина ҳудудлари аҳолисига қарши репрессияларни оқлаганини” таъкидлади.

“Тадбирга ўтар кечаси Россия Федерацияси Украина тупроғида кўпроқ ўлим ва вайронагарчиликларга сабаб бўлиши учун  Украина ҳудудига 25 та қанотли ракета, шу жумладан, 15 таси Киевга қаратилган ракеталарни учирди”, — дейилади баёнотда.

Ўз навбатида, Россия президенти Владимир Путин “Ғарб глобалистик элитасини” иғво ва нафрат экишда айблади, шунингдек, МДҲ давлатлари раҳбарларига умумий Ғалабага қўшган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.