Украина Ташқи ишлар вазирлиги Путиннинг етим болалар учун фуқаролик ҳақидаги фармонига муносабат билдирди
Украина Ташқи ишлар вазирлиги Путиннинг украиналик етим болаларга Россия фуқаролигини бериш имконияти ҳақидаги фармонини “Россия Федерацияси жиноятларининг яна бир исботи” деб атади. Бу ҳақдаги баёнот вазирлик сайтида эълон қилинган.
Путин пайшанба куни украиналик болаларни Россия фуқаролигига қабул қилиш имконияти ҳақидаги фармонни имзолади. Ҳужжатда украиналик етим ва ота-онасиз қолган болалар Владимир Путиннинг шахсий қарори билан Россия фуқаролигини олиши мумкинлиги назарда тутилган. Бу ҳақда уруш пайтида Украинадан олиб кетилган украиналик болаларни жойлаштирган Россия ташкилотларининг раҳбарлари сўрашлари мумкин.
Украина Ташқи ишлар вазирлиги Путиннинг фармонини халқаро ҳуқуқнинг навбатдаги бузилиши деб ҳисоблади.
«Украина Ташқи ишлар вазирлиги яна бир бор таъкидлайдики, «гуманитар ҳимоя» деб аталмиш бемаъни баҳона билан Россия Федерацияси ҳудудига мажбуран олиб кетилган Украинанинг барча болалари Украина фуқаролари бўлиб қолади. Украина ҳукумати уларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўришда давом этмоқда”, — дейилади баёнотда.
2023 йил март ойида Гаага Халқаро жиноий суди Владимир Путинни ва болалар омбудсмени Мария Львова-Беловани болаларни Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан ноқонуний равишда депортация қилишда айблаб, ҳибсга олишга ордер берган эди.
Шарҳлар