Украинада “Вагнер” ХҲК сафида жанг қилган ўзбекистонлик фуқаро 2,5 йилга мажбурий ишларга ҳукм қилинди

Фото: Апостроф

Ўзбекистонда суд 26 ёшли Шавкат Йўлдошевни ёлланма иш бўйича “Вагнер” ХҲК сафларида Украинага қарши урушда қатнашгани учун (Жиноят кодекси 154-моддаси 1-қисми) икки йилу олти ойга мажбурий меҳнатга ҳукм қилди. Бу ҳақда Migrant портали хабар беради, деб ёзади Current time.

Йўлдошев 2019 йилда пул ишлаш мақсадида Россияга жўнаб кетган. У ўша ерда қурувчи бўлиб ишлаган, бироқ 2021 йилда гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний ишлаб чиқариш, сотиш ёки жўнатиш (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 228-1-моддаси) моддаси бўйича етти йилга озодликдан маҳрум қилинган.

2022 йил кузида у Россия колониясидан “Вагнер” ХҲКга ёлланган, шундан сўнг у Украинага қарши жангга кетган. Эркак олти ой фронтда бўлиб, «Жасорат учун» медали билан тақдирланган. 2023 йил августида Йўлдошев Ўзбекистонга қайтиб келган ва у ерда ҳибсга олинган.

Украинада Россия томонида нафақат Ўзбекистондан, балки Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан ҳам муҳожирлар жанг қилмоқда: қоида тариқасида, булар Россия колонияларида судланган ва жазо муддатини ўтаганлар, лекин ихтиёрий равишда ёлланганлар ҳам бор. Маҳкумларни олти ой ичида озодликка чиқиш имконияти, ўз ихтиёри билан ҳарбий хизматга кирганларни эса осонлик билан Россия фуқаролиги ва пул олиш имконияти ўзига тортади.

Россия фуқаролигини олган муҳожирлар ҳам урушга юборилади. Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг раҳбари Александр Бастрикин июнь ойи охирида Россияда 30 мингдан ортиқ муҳожир “қўлга олингани”, улардан 10 минг нафари урушга жўнатилганини айтди. “Биз Конституция ва қонунларнинг фуқароликни олган шахслар ҳарбий рўйхатга олиниши, зарур ҳолларда ҳарбий хизматни ўташи кераклиги тўғрисидаги бандларини ҳаётга татбиқ этишга киришдик”, — деди у.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.