Украинанинг Молдова билан чегарадош ҳудудларида яшаган 200 га яқин ўзбекистонлик эвакуацияни кутмоқда
Украинанинг Молдова Республикаси билан чегарадош жойларида яшовчи 200 га яқин Ўзбекистон фуқароси бошпана излаб Молдова ҳудудига ўтган, дея хабар беради Ўзбекистон ТИВ.
«Молдова томони инсонпарварлик нуқтаи назаридан, фуқаролигидан қатъи назар, ўз ҳудудига кираётган барча шахсларни ташиш, жойлаштириш, овқатлантириш ва бошқа зарур масалаларда кўмак бермоқда», – дейилади хабарда.
Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси томонидан Молдовада бўлиб турган ватандошлар масалаларини мувофиқлаштириш ва ҳал қилиш мақсадида кўнгиллилар гуруҳи шакллантирилди. Молдовада бўлиб турган ўзбекистонликларнинг кейинчалик ўз Ватанига эвакуация қилинишини ташкил этиш учун уларнинг рўйхати ва маълумотлар базаси шакллантирилмоқда.
«Ҳозирги пайтда Польша орқали эвакуация қилишнинг асосий устувор эканлигини инобатга олган ҳолда, фуқароларимизни Молдовадан қайтариш масаласи кейинроқ ишлаб чиқилади. Бундан ташқари, мазкур мамлакат ҳаво ҳудуди авиақатновлар учун ёпиқлигича қолмоқда», – дея хулоса қилади вазирлик.
Шарҳлар