Ҳукумат вилоятлардаги жамоат транспортларининг фаолиятини субсидиялайди
2021-2022 йилларда қишлоқни туман маркази билан, туман марказини вилоят маркази билан боғлайдиган жами 310 та янги автобус йўналишлари (шундан шаҳар – 60 та, шаҳар атрофи – 193 та, шаҳарлараро (вилоят ичида) – 57 та) ташкил этилади. Бу ҳақда “Ҳудудларда жамоат транспорти фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Ҳукумат қарорида сўз боради, деб ёзади Адлия вазирлигининг матбуот хизмати.
– Тижорат асосида йўловчилар ташиш хизматини кўрсатадиган ва бунга махсус рухсатномаси (лицензияси) бўлган юридик шахслар (ташувчилар) томонидан шаҳар атрофи ёки вилоят ичидаги шаҳарлараро автобус йўналишида кўриладиган зарар миқдори 30 фоизгача (30 фоиз ҳам шу жумлага киради) бўлган йўналиш норентабель автобус йўналиши бўлиб ҳисобга олинади, Тошкент шаҳри бундан мустасно, – дейилади хабарда.
Ташувчиларга норентабель йўналишлар бўйича тегишли ҳудудий комиссиялар томонидан субсидия ажратилади.
Қарорга кўра, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан тижорат банкларининг Янгилаш парамертлари доирасида автобус ва микроавтобус хариди учун ажратиладиган кредитлар бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача (50 фоиз ҳам шу жумлага киради), бироқ 8 млрд сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда кафиллик берилади. Ташувчиларга ажратилган кредит фоиз ставкасининг 5 фоиздан ортиқ бўлмаган қисми қоплаб берилади
Қайд этиб ўтамиз, 2017-2021 йилларда 2095 та янги автобус харид қилинган, шунингдек 430 та автобус йўналиши очилган. Ўзбекистонда жамоат транспортидан йўловчиларнинг фақат 22% фойдаланади. Энг паст кўрсаткичлар Андижон, Қашқадарё, Наманган, Хоразм, Самарқанд, Фарғона, Бухоро ва Тошкент вилоятларида. 1,2 мингта қишлоқни жамоат транспорти туман марказлари билан боғланмаган.
Шарҳлар