«Навоийазот» корхонаси Зарафшон дарёсига хавфли моддаларни ташламаганини билдирди

Источник: Госкомэкологии

Навоий вилоятининг Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси бўйича бошқармаси инспекторлари Зарафшон дарёсига саноат чиқиндилари ташланганини аниқлади. Давлат экология қўмитасининг маълумотларига кўра, ҳаёт учун хавфли моддалар “Навоийазот” корхонасининг 267-қудуғидан тўкилган.

Корхонанинг билдиришича, ушбу қудуқ орқали “корхонага қарашли 267-қудуқ таркибида ишлаб чикариш майдонларидан ёмғир оқава сувларидан иборат, асосан совутувчи сув айланиш тизими ва иситиш қозонларида технологик режимга асосан ва экологик талабларга жавоб берадиган ташланма сувлардан лаборатория тахлиллари олиниб кейинчалик Зарафшон дарёсига юборилади”.

“Навоийазот” баёнотида айтилишича, корхона санитар лабораторияси томонидан тасдиқланган режа-жадвал асосида мунтазам равишда оқава сувлардан таҳлил намуналари олиниб, мутахассислар томонидан назорат қилинар экан.

«Сўнгги даврда оқава сувларнинг сифатининг динамикаси ўзгаришларсиз. “Навоийазот” АЖ жойлашган ҳудудда унинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш мақсадида табиатни муҳофаза қилиш, хомашё ва энергия ресурсларини тежаш, атроф-муҳитга зарарли моддаларнинг чиқишини камайтиришга кўмаклашувчи ташкилий-техникавий чора-тадбирлар доимий равишда ишлаб чиқилмоқда ва бажарилмоқда», – дейилади баёнотда.

Корхонанинг қайд этишича, Зарафшон дарёси нафақат “Навоийазот” АЖ томонидан, балки вилоятнинг турли саноат ва бошқа ишлаб чиқариш комплексларидан, шу жумладан балиқчилик хўжаликларидан ҳосил бўлган барча оқава сувларини қабул қилувчи хавза ҳисобланади.

– Айни пайтда “Навоийазот” АЖ мутахассислари вилоят экология назорати мутахассислари билан биргаликда барча оқава сувларнинг назорат таҳлилларини олиб бормоқда ҳамда жамият раҳбарияти томонидан жойида тегишли чоралар кўриляпти, – дейилади хабарда.

Ўзбекистон Экологик партияси дарёга хавфли моддалар ташланиши билан боғлиқ вазиятни қоралади.

«Бу “Навоийазот” АЖ каби юқори даражада хавфли объектларда атроф-муҳитга чиқариладиган ҳар қандай чиқиндиларни тегишли тартибда назоратдан ўтказиш, бунинг учун доимий равишда экология соҳасига оид мутахассислар хулосаларини олиш йўлга қўйилмаганидан далолат беради».

Партиянинг фикрича, экологик жиҳатдан хавфли объектлар томонидан атроф-муҳитга чиқарилаётган саноат чиқиндилари ҳамда уларнинг зарарини вақти-вақти билан кенг жамаотчилик иштирокида ўрганишлар олиб борилмаяпти, жамоатчилик эшитувлари ўтказилмаяпти.

«Юқори даражада хавфли саноат объектлари томонидан атроф-муҳитга етказилган зарарларни қоплашнинг таъсирчан механизмлари жорий этилиши ҳар доимгиданда долзарб ҳисобланади. Шу ўринда экологик хавф-хатарларни суғурталаш механизмлари жорий этилиши алоҳида аҳамият касб этади», – дейилади хабарда.

Навоий вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси атроф-муҳит ифлосланишини мониторинг қилиш бўлими (Аналитик лаборатория) Кармана тумани экология инспекцияси инспекторлари ҳамда “Навоийазот” АЖнинг Санитар лабараторияси мутахассислари томонидан дарёнинг олтита нуқтасига бориб ўрганилганда дарёдаги ҳар хил турдаги балиқларнинг оммавий заҳарланиши юзага келганлиги аниқланди. “Навоийазот” АЖга қарашли (л-ташлама) 267-қудуқдан олинган намуналар таҳлил қилинганда белгиланган меъёрлардан азот аммоний – 20 маротаба, азот нитрат – 2,5 маротаба, азот нитрит – 52,5 маротаба, хлоридлар – 7,22 маротаба, мис ионлари – 2,2 маротаба юқорилиги аниқланган.

Ҳозирда тезкор суриштирув ишлари олиб борилиб, табиатга етказилган зарар ҳисобланмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.