Умка лақабли ит, хоккейчиларга табрик ва тунги сайр. Лукашенконинг Ўзбекистонга ташрифи қандай ўтмоқда? (фото ва видео)
7 февраль куни Беларусь президенти расмий ташриф билан Ўзбекистонга етиб келди. Уни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.
Беларусь президенти Aлександр Лукашенко Ўзбекистонга Умка лақабли ити билан келди, бу ҳақда турли Telegram-каналларда хабарлар тарқалди. Хусусан, ижтимоий тармоқларга жойланган видеоларда Лукашенко самолётга қараб йўл олган пайтда унга ити ҳамроҳлик қилаётганини кўриш мумкин.
Aввал хабар берилганидек, Лукашенко Ўзбекистонга ташрифни Мирзиёев билан хоккей ўйинини томоша қилишдан бошлади. Беларусь президентига унинг исми ёзилган хоккей формаси совға қилинди.
Ўзбекистон ва Беларусь президентлари “Ҳумо Арена” муз саройига келиб, хоккей бўйича Қозоғистон очиқ чемпионати доирасидаги “Ҳумо” ХК (Тошкент) – “Номад” ХК (Астана) ўртасидаги учрашувни томоша қилишди. Ўйин 5:1 ҳисобида “Ҳумо”нинг ғалабаси билан тугади. Шундан кейин Лукашенко жамоа аъзоларини ғалаба билан табриклади.
Шунингдек, Лукашенко ва Мирзиёев Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиевни муваффақиятли президент сайлови билан биргаликда табриклади.
Кейинроқ Беларусь президенти тунги Тошкент бўйлаб сайр қилгани видеоси тарқалди.
Лукашенко ташрифининг асосий тадбирлари 8 февралга белгиланган.
Шарҳлар