Умра зиёрати бўйича шошилинч хабар эълон қилинди, 40 га яқин туроператор фаолияти тўхтатилган

Фото: Pinterest

Транспорт прокуратураси туризм фаолиятини амалга ошириш билан шуғулланувчи 40 га яқин субъектларининг фаолиятини вақтинча тўхтатиб туришини сўраб Туризм қўмитасига хат йўллади.

“Номлари келтирилган туризм фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ишлари олиб борилмоқда”, -дейилади хатда. 

Жиноят иши ҳужжатларига кўра, Panorama Airways МЧЖ ва у билан ҳамкорлик қилган (номлари юқорида келтирилган) туризм билан шуғулланувчи бир нечта тадбиркорлик субъектлари умра тадбирлари учун 3 минг 931 нафар Ўзбекистон фуқароларининг жуда кўп миқдордаги пулларини алдаш ва ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритган ва  уларни Саудия Арабистонидан Ўзбекистонга қайтаришни ваъда қилган бўлса-да, Ўзбекистонга қайтармаган. 

Шунингдек, Транспорт прокурори И.Наримов Транспорт вазирлиги, Фуқаро авиацияси агентлиги ва резидент авиакомпаниялари раҳбарлари ва бошқа масъуллар билан учрашган.

«Унда, резидент авиакомпанияларига маҳаллий ва халқаро йўналишларда парвозларни амалга ошириш учун квоталар ажратиш ҳамда парвозларни амалга оширишга рухсат беришни соддалаштириш, мамлакатимизни туризм салоҳиятидан тўлиқ ва самарали фойдаланган ҳолда минтақавий авиаташувларни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, аҳолининг авиақатновларга бўлган талабини қондириш ҳамда фуқаро авиацияси соҳасида рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва бошқа масалалар муҳокама этилиб, масъулларга тегишли тавсиялар берилди», – дейилади хабарда.

Шунингдек, айрим авиакомпаниялар орқали Саудия Арабистонига “Умра” зиёратига борган фуқаролар авиакомпания мансабдор шахсларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон Республикасига қайтариб олиб келинмаганлиги ҳолатига алоҳида тўхталиб, келгусида бу каби салбий ҳолатлар авиакомпаниялар фаолиятида йўл қўйилмаслиги лозимлиги таъкидланган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.