UniCredit Bank Austria AG Ўзбекистон агросекторида инновацияларни жорий этишга 7,9 млн евро миқдорида имтиёзли маблағ ажратди
Австриянинг энг йирик банки – «UniCredit Bank Austria AG» компанияси Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасига инновацион технологиялар трансферини молиялаштириш учун 7,9 миллион евро миқдорида «софт-лоун» (имтиёзли молиялаштириш) маблағини ажратди, деб хабар беради «Дунё» АА.
Лойиҳа мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги жабҳасини Австриянинг «Bauer Gmbh» компаниясининг томчилатиб суғориш бўйича инновацион технологиялари билан жиҳозлашни кўзда тутади.
Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев Венада Австриянинг «UniCredit Bank Austria AG» компаниясинингн таркибий савдо ва экспортни молиялаштириш департаменти директори Марион Кристен ҳамда таҳлил ва халқаро ҳамкорлик департаменти директори Райнхард Пош билан илгари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Австрия томони ўртасида имзоланган мазкур лойиҳа шартларини муҳокама қилиш бўйича музокаралар ўтказди.
«UniCredit» бошқарма бошлиғи банк Австрия компаниялари иштирокида тижорат экспорт кредитларини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди. Унда Австрия товарлар ва хизматларининг улуши 50 фоиздан ошади. Таъкидланишича, халқаро стандартларга мувофиқ, «UniCredit» лойиҳа қийматининг 85 фоизини молиялаштиради ва қолган 15 фоизи импорт қилувчининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Ушбу молиявий восита хорижий импортчиларга мавжуд узоқ муддатли ва имтиёзли молиялаштириш билан замонавий Австрия инновацион технологиялари ва «ноу-хау»ларини сотиб олишга имкон беради.
Шарҳлар