USAID глобал озиқ-овқат инқирозига жавобан Ўзбекистонга 2 миллион доллар қўшимча маблағ ажратмоқда
АҚШ ўзининг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали Ўзбекистондаги фермерлар ва ўғит ишлаб чиқарувчиларга 2 миллион долларлик ёрдам кўрсатишини эълон қилди. Янги маблағ аҳолининг заиф қатламларини ўсиб бораётган глобал озиқ-овқат инқирозидан ҳимоя қилишга ёрдам беради ҳамда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган ўғитлар ҳажми ва сифатини оширишга йўналтирилади.Бу ҳақда Anhor.uz нашрига АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар беради.
«Юқори сифатли ўғитлар нархларининг ошиши ёки танқислиги туфайли уларнинг етишмаслиги фермер хўжаликларининг маҳсулдорлиги, ҳосилдорлик, фермерлар даромади, ҳатто иш ўринларининг шаклланишига салбий таъсир кўрсатади. Бу омиллар озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ошишига олиб келади”,- деди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниел Розенблюм. “Ажратилаётган маблағ ҳисобидан USAID мамлакатда ўғитларни арзонлаштириш, уларнинг ишлаб чиқариш ҳажми ва сифатини ошириш учун янги технологияларни жорий этиш ҳамда фермерларга ўғитлардан самаралироқ фойдаланишни ўргатиш орқали Ўзбекистон фермерларини қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини кучайтирмоқда».
Янги маблағ Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлари ҳамда Президент Мирзиёевнинг мамлакатнинг ўзини ўзи таъминлаш борасидаги интилишларини қўллаб-қувватлайди. Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги салоҳиятини кучайтириш орқали USAID бошқа мамлакатларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига ҳаддан ташқари таъсирининг олдини олишга ёрдам беради.
Ўтган йил давомида ўғитнинг жаҳон нархлари ўзининг энг юқори кўрсаткичларидан деярли икки баравар ошди, бу эса пандемия бошланганидан бери 200 фоиз ўсишни ташкил этди. Шуни инобатга олган ҳолда, USAID Ўзбекистондаги ўғит ишлаб чиқарувчиларга ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, сифатни яхшилаш ҳамда ўғитларни сотишдан маҳаллий ва/ёки минтақавий бозордаги улушини ошириш учун техник кўмак кўрсатади ва янги технологияларнинг жорий этилишини биргаликда молиялаштиради. USAID, шунингдек, 5 000 фермер ва қишлоқ хўжалигида экстеншн хизмат кўрсатувчилари учун ўғитлардан оқилона фойдаланиш бўйича илғор тажрибалар борасида тренинглар ташкил этади.
Маблағлар Германияда бўлиб ўтган G7 саммитида Президент Байден томонидан эълон қилинган глобал озиқ-овқат инқирози таъсирини бартараф этиш учун АҚШ томонидан ажратилган жами 2,76 миллиард долларлик кўмакнинг бир қисмидир. Бу маблағ G7 етакчилари томонидан глобал озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ажратилган тахминан 4,5 миллиард доллар ёрдамнинг ярмидан кўпини ташкил қилади.
Ушбу ёрдам 50 га яқин мамлакат ва минтақавий ташкилот, жумладан, Ўзбекистоннинг озиқ-овқат, ўғит ва ёқилғининг жаҳон нархлари ошиши натижасида юзага келган аҳоли турмуш тарзининг пасайиши, очлик ва тўйиб овқатланмаслик эҳтимолининг янада кучайишига йўл қўймасликка қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.
2022 йил 24 февралда Россиянинг Украинага қарши асоссиз уруши бошланганидан бери АҚШ глобал озиқ-овқат хавфсизлиги инқирозини бартараф этиш учун қарийб 7,6 миллиард доллар миқдорида ёрдам ажратди.
Шарҳлар