USAID ёшларни иш билан таъминлашга қаратилган 10 миллион долларлик дастурни ишга туширди
АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда беш йиллик, бюджети 10 миллион доллар бўлган, Ўзбекистонда ёшларнинг ишга жойлашиш кўникмаларини шакллантириш (YES) дастурини расман ишга туширди. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар беради.
Дастур мактабнинг 8−11-синф ўқувчиларига Ўзбекистон иқтисодиётида малакали ишчи ёки тадбиркор сифатида ишлаш учун зарур кўникмаларга эга бўлишига кўмаклашади ва ёшлар бандлигини оширади. Дастур мактаб ва мактабдан кейинги дастурларни ўз ичига олиб, қизлар ва имконияти чекланган ёшларнинг ҳам бандликдаги ролини оширишга, Ўзбекистон иқтисодиётида кам ифодаланган гуруҳларнинг имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
АҚШнинг Ўзбекистондаги Муваққат ишлари вакили Пол Политис ёшларнинг ишчи кучини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаб, шундай деди: “АҚШ ҳукумати ёшларга мартаба йўлларини танлаш имкониятини бериш ва Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига муваффақиятли ҳисса қўшишлари учун зарур бўлган билим ва кўникмаларни тақдим этиш бўйича саъй-ҳаракатларида Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорлик қилишдан фахрланади”. USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит ,eyuf қўшимча қилди: “Дастур қизлар ва имконияти чекланган ёшларнинг имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Биламизки, аёлларнинг ва имконияти чекланган ёшларнинг бандлиги жуда кам ифодаланганлиги сабабли улар Ўзбекистонда фойдаланилмаган ресурс бўлиб қолмоқда”.
USAID амалий ўрганишга устувор аҳамият бериб, тадбиркорлик ва иқтисодиёт ўқув дастурлари ҳамда ўқитиш амалиётини ишлаб чиқади ва такомиллаштиради. Дастур ёшларнинг билим ва кўникмаларини Ўзбекистон меҳнат бозорига мос бўлишини таъминлаш учун хусусий сектор билан мунтазам ҳамкорликни ўз ичига олади. USAID шунингдек, амалий машғулотлар, шу жумладан амалий иш тажрибаси, мураббийлик ва мутахассислар ишини кузатиш имкониятларини тақдим этади. Дастур халқаро таълим бўйича Америка Кенгашлари ва маҳаллий ва халқаро шериклар консорциуми томонидан амалга оширилади.
Тадбирда турли манфаатдор томонлар, жумладан, ҳукумат ва хусусий сектор вакиллари, халқаро ташкилотлар, маҳаллий нодавлат ташкилотлари ва дастурнинг турли бенефициарлари иштирок этди. Маросимнинг энг юқори нуқтаси шу бўлдики, унда ўзбекистонлик икки ёш тадбиркор – Дилмурод Юсупов ва Малика Шарапова – тадбиркорлик йўлидаги тўсиқларни енгиб, муваффақиятга эришиш бўйича шахсий тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Иккала ёш бизнес раҳбари “YES” дастурининг Ўзбекистон ёшларига меҳнат бозорида муваффақият қозониши ва иқтисодиётни тадбиркор сифатида ўсишига ёрдам бериш салоҳияти ҳақида сўз юритдилар.
Шарҳлар