USAID нинг Осиё бўйича маъмури ёрдамчисининг ўринбосари Ўзбекистонга ташриф буюради
26-30 август кунлари АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Осиё бўйича бюросининг маъмури ёрдамчисининг ўринбосари Анжали Каур АҚШ-Ўзбекистон ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюради. Ташриф доирасида Каур USAIDнинг мамлакатдаги ҳамкорлари ва ҳукумат расмийлари билан учрашади. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабар беради.
Самарқандда Каур инглиз тили ўқитувчилари билан давра суҳбати ўтказиб, USAID ёрдами давлат мактаблари тизимида инглиз тилини ўқитиш қандай яхшилалангани билан танишади. Шунингдек, у USAID молиялаштирган мигрантлар учун маслаҳат марказига ташриф буюради ва агентлик кўмагида бизнеси кенгайган бир қанча тадбиркорлар билан ҳам учрашади.
Тошкентда Каур фармацевтика соҳасида халқаро сифат стандартларини таъминлаш ҳамда Ўзбекистонда хавфсиз ва сифатли дори воситаларидан фойдаланиш имкониятларини ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармасевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази билан ўзаро англашув меморандумини имзолайди.
Анжали Каурнинг фаолият доираси Жанубий ва Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон, шунингдек, бутун Осиё минтақаси учун техник хизматларни қамраб олади.
Шарҳлар