USAID томонидан одам савдоси бўйича ўтказилган тренинглар Ўзбекистонда терговлар, хибслар сонининг ошишига олиб келди

Источник: пресс-служба посольства США

AҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), AҚШ Давлат департаментининг Наркотикларга қарши халқаро кураш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш бюроси (INL) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси ҳамкорлигида йил давомида ўтказилган одам савдосига қарши кураш бўйича «Йўриқчиларни тайёрлаш» туркум семинарлари  якунланди. Семинарлар USAID нинг «Марказий Осиёда хавфсиз миграция» дастури ва БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси (БМТ НЖҚКБ) томонидан ўтказилиб, БМТ НЖҚКБнинг иштироки INL томонидан молиялаштирилди. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати маълум қилади

Семинарлар натижаси ўлароқ, 2022 йил бошидан буён одам савдоси билан боғлиқ тергов ишлари сони 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 50 фоизга ортиб, семинарлар  иштирокчилари потенциал жабрланувчиларни аниқлаш ҳамда одам савдосининг олдини олишда ўзининг янги кўникмаларини амалиётда муваффақиятли қўлламоқда.

Масалан, вилоятлардан бирида шифокор ёш аёлни тиббий кўрикдан ўтказиш пайтида уни жинсий қулликка сотмоқчи бўлишгани аломатларини аниқлаган. Шифокор тренинг давомида ўрганган тамойилларига риоя қилган ҳолда, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидаги одам савдосига қарши курашиш бўйича ходимга мурожаат қилади. Ходим одам савдосига қарши курашиш бўйича ҳудудий кичик комиссия билан биргаликда шифокор аниқлаган аёл ва унга қўшимча яна беш нафар шахс жинсий эксплуатация мақсадларида қулликка сотилиши режалаштирилаётган ва бунинг ортида турган шахсни аниқлашга муваффақ бўлган. Шифокор ҳамда вилоят ҳокимият органлари саъй-ҳаракатлари ва USAID томонидан ўтказилган тренинглар натижаси ўлароқ, олти нафар аёл одам савдосидан қутқарилди, гумондор ҳибсга олиниб, иш судда кўриб чиқилиш арафасида.

АҚШ ҳукумати ўзининг Ўзбекистон ҳукумати ва фуқаролик жамияти ташкилотлари орасидаги шерикларини гендер асосидаги зўравонлик ва одам савдосининг барча шаклларига қарши курашиш учун зарур воситалар билан таъминлашга тайёр.

“Йўриқчиларни тайёрлаш бўйича ҳудудий семинарлар туркуми амалиётчи мутахассислар учун жуда фойдали ва муҳим экани исботланди. Ишончим комилки, улар ўзлари орттирган тажрибани ўз фаолиятида кенг қўллайди”, – дейди Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича кичик комиссия вакили, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўйича бўлими ходими Aзизбек Насретдинов.

Семинарлар давомида иштирокчиларга одам савдосининг потенциал жабрланувчиларини қандай аниқлаш ва зарур ёрдам учун йўналтириш ҳамда орттирган янги билим ва кўникмаларини бошқалар билан баҳам кўриш ўргатилиши билан бир қаторда, ташкилотлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг кучайишига эришилди. Жиззах вилоятида Жиззах вилоят суди билан маҳаллий «Истиқлол авлоди» ва «Истиқболли авлод» нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида илк бор одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мазкур келишув асосида семинарларда ННТ вакиллари томонидан вилоятнинг тўртта туманида одам савдосига қарши курашиш бўйича ҳудудий кичик комиссиянинг 60 нафардан зиёд аъзолари ўқитилди.

Семинарлар Ўзбекистоннинг барча вилоятларида ўтказилди, фаолияти одам савдоси жабрланувчилари билан боғлиқ давлат органлари ва муассасалари, шунингдек, ННТларнинг 460 нафар вакиллари ўқитилди. Тингловчилар орасида одам савдосига қарши курашиш бўйича ҳудудий кичик комиссиялар вакиллари, судьялар, прокурорлар, ички ишлар органлари ходимлари, соғлиқни сақлаш, меҳнат ва бандликни таъминлаш бўлимлари, шунингдек, шаҳар ва туман ҳокимликлари мутахассислари ҳамда ННТ вакиллари бор эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.