USAID Ўзбекистонда бизнесни қўллаб-қувватлашга 17.7 миллион доллар ажратади

Флаги Узбекистана, США, USAID
Фото: пресс-служба посольства США в Узбекистане

Бугун АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID ) Ўзбекистонда барқарор ва инклюзив иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга қаратилган янги инновацион ташаббусни – бизнесни қўллаб-қувватлаш лойиҳасини эълон қилди. Лойиҳанинг ишга туширилиши тўрт асосий соҳада – ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ), туризм, тўқимачилик саноати ва яшил иқтисодиётда майда ва ўрта корхоналарнинг рақобатбардошлигини ошириш йўлидаги беш йиллик йўлнинг бошланишини билдиради.

Лойиҳа Ўзбекистон ҳукумати ва хусусий сектор каби асосий манфаатдор томонлар билан ҳамкорликни назарда тутади. Мақсад – инвестицияларни рағбатлантириш ва компаниялар ўртасида ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш. Бу ташаббус АҚШ ҳукуматининг Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва минтақавий иқтисодий интеграцияга доимо содиқ эканлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Тадбирда сўзга чиққан USAID  нинг Ўзбекистондаги миссияси раҳбари Дэвид Ҳоффман ушбу фаолиятнинг аҳамиятини қуйидагича таъкидлади: “Бугун биз бизнесни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси билан биргаликда ўзгаришлар сафарини бошлаяпмиз. Бу ташаббус Ўзбекистон учун фаровонлик, инклюзивлик ва барқарор келажақка қадам ташлашимиздаги муҳим лаҳзадир. Ўсишга тўсқинлик қилаётган муҳим муаммоларни ҳал қилишга кўмаклашиш ва хусусий секторнинг жозибадорлигидан фойдаланиш орқали, айниқса, аёллар ва ёшлар бошқараётган корхоналар учун янги имкониятларни очишга интиламиз. Бизнесни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси доирасидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз фақат Ўзбекистоннинг ўзи эмас, балки бутун минтақанинг ҳам фойдасига бўладиган, барқарор ва рақобатбардош иқтисодиётга олиб борадиган йўлни очади”.

USAID  беш йил давомида бизнесни қўллаб-қувватлаш лойиҳасига 17.7 миллион доллар ажратмоқчи. Ушбу фаолият хусусий секторнинг ўсишига тўсқинлик қилаётган тўсиқларни камайтириш ҳамда хусусий секторга инвестициялар ва молиявий ресурсларга эришишни кенгайтиришга қаратилган иккита асосий мақсадни кўзлайди. Лойиҳа ушбу мақсадларга эътиборни қаратиб, бизнес ва инновацияларни ривожлантириш учун қулайроқ муҳитни яратишга интилади, шу билан Ўзбекистоннинг умумий иқтисодий равнақига ҳисса қўшади.

Лойиҳа доирасида Йиллик лойиҳалар қўшма молиялаштириш дастури эълон қилинади. Бу дастурда лойиҳа мақсадларига мос келадиган маҳаллий корхоналар ва ташаббуслар учун 1.8 миллион долларлик грант ва молиявий қўллаб-қувватлаш имкониятлари тавсифланади.

Ушбу тадбир давомида USAID нинг тадбиркорлик ва бизнес-муҳитни ривожлантириш соҳасидаги бошқа бир лойиҳаси доирасида 1.1 миллион доллар миқдоридаги 10 та янги грант олувчи ҳам эълон қилинди. Бу ташаббуснинг асосий мақсади аёл тадбиркорларнинг иштирокини ва рақобатбардошлигини кучайтириш, ёшларнинг тадбиркорликдаги иштирокини рағбатлантириш ва Ўзбекистонда стартап экотизимини янада ривожлантиришдир.

Бизнесни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси орқали USAID Ўзбекистонда жонли, инклюзив ва барқарор иқтисодий муҳитни яратишга содиқлигини тасдиқлайди. Ушбу ташаббуснинг узоқ муддатли муваффақияти ва таъсирига эришиш учун давлат органлари, хусусий сектор ва халқаро ҳамкорлар ўртасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.