USAID Ўзбекистонда таълимни қўллаб-қувватлашга қўшимча 6,1 млн доллар инвестиция қилмоқда

Фото: Upl.uz

Бугун АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан амалдаги Мақсадли ривожланиш гранти келишуви (DOAG) орқали 6,1 миллион АҚШ доллари миқдорида янги маблағ ажратди, бу билан DOAG инвестициялари 47 миллион доллардан ошиб кетди. Ушбу қўшимча маблағ USAIDнинг Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган ривожланиш стратегиясига мос келадиган мактабгача ва мактаб таълими соҳасидаги вазирликнинг комплекс дастурини қўллаб-қувватлаш бўйича узоқ муддатли мажбуриятини кўрсатади.

“Таълимга сармоя киритиш ҳар бир инсон учун ёрқин келажакка сармоя киритишдир. Сифатли таълимни тақдим этиш орқали биз одамларга нафақат улар учун зарур бўлган кўникма ва билимларни берамиз, балки янада фаровон, адолатли ва барқарор жамиятга йўл очамиз”, – дея тушунтиради USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Дэвид Хоффман.

«Таълимга сарфланган ҳар бир доллар ҳамма учун яхшироқ эртанги кун яратиш сари қадамдир», – дея қўшимча қилади у.

Янги молиялаштириш инклюзив таълим орқали бошланғич синф ўқувчиларининг асосий кўникмаларини ошириш ҳамда 8-11-синфларда ёшларни ишга жойлашиш ва келажак иқтисодиётида иштирок этиш учун зарур бўлган муҳим тадбиркорлик ва иқтисодий кўникмаларга тайёрлашни қўллаб-қувватловчи мавжуд дастурларни кучайтиради.

2019 йилда DOAG келишуви имзоланганидан бери USAIDнинг Ўзбекистон таълим соҳасига киритган сармоялари асосий эътиборни бошланғич синфларда ўқиш ва математика кўникмаларини ошириш, инглиз тилини билиш даражасини ошириш, ахборот-коммуникация технологиялари кўникмаларини ривожлантириш ва ишга жойлашиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.