Ўқувчидан рўмолини ечишни талаб қилган директор жаримага тортилди

Foto: videodan nusxa

ОАВларда “Фарғонада мактаб директори ўқувчи қизни дарс вақтида калтаклади” сарлавҳаси остида хабар тарқалган эди.

Маълум бўлишича, Бувайда тумани Мактаб ва Мактабгача таълим бўлимига қарашли Хорижий тилларга ихтисослашган мактабда жорий йилнинг 17 май куни алгебра дарсида 7-синф ўқувчиси Н.М. (қиз бола, 2010 йилда туғилган) синфдош ўртоғи Х.Х. (ўғил бола) билан оғзаки тортишган.

Бир оз вақт ўтганидан сўнг синф хонасига мактаб директори Қ.Р. (аёл) кириб келган, алгебра ўқитувчиси унга ўқувчилар тортишганини айтган. Мактаб директори Р.Қ. қиздан синфдоши билан нима учун жанжаллашганини, мактабга нега диний либосда келганлигини сўраб, рўмолни ечишни айтган. Н.М. мактаб директорига гўёки гап қайтариб, рўмолини ечмаслигини айтгани учун директор қизни уриб, жароҳат етказганди.

Мазкур ҳолат юзасидан Бувайда тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб,  қўзғатилган маъмурий иш материаллари Жиноят ишлари бўйича Бувайда туман судида кўриб чиқилди. Суд томонидан жорий йилнинг 27 май куни мактаб директори Р.Қ. МЖтКнинг 41 моддаси (Ҳақорат қилиш) ҳамда 52-моддаси 2-қисми (Енгил тан жароҳати етказиш) билан айбдор деб топилди ва унга нисбатан БҲМнинг 10 баробар миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Аввалроқ, мактаб ўқувчисини самосуд қилган шахс бир ярим йилга қамалганлиги ҳақида хабар берган эдик.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.