Uzbekistan Airports компанияси Аstra DCS рўйхатдан ўтказиш тизимини жорий этмоқда
Uzbekistan Airports компанияси Аstra DCS йўловчи ва багажни рўйхатдан ўтказиш тизимини босқичма-босқич жорий қилишни бошлади. «Наманган» халқаро аэропорти “Уральские авиалинии” авиакомпаниясининг Наманган-Москва йўналиши бўйича қатновга ушбу янги тизим бўйича хизмат кўрсатди. Бортида 222 та йўловчи бўлган самолёт бугун маҳаллий вақт билан 06:25 да ҳавога кўтарилди. Янги рўйхатга олиш тизими бўйича иккинчи қатнов ҳам 12 январь куни соат 03:00да Наманган аэропортидан Екатеринбургга амалга оширилади, дея хабар беради компания.
«Илгари барча аэропортлар миллий авиакомпаниянинг битта рўйхатдан ўтиш тизимидан фойдаланарди. Кейинчалик аэропортлар учун ўзларининг рўйхатга олиш тизимига эга бўлиш эҳтиёжи туғилди. Uzbekistan Airports Sirena Travel компаниясининг Аstra DCS тизимини танлади. Ўзбекистоннинг барча 11 та халқаро аэропортида, ўзининг рўйхатга олиш тизимига эга бўлмаган барча авиакомпаниялар учун ҳам, ушбу тизимга ўтиш босқичма-босқич отилади. ASTRA DCS тизими график интерфейсга эга бўлиб, йўловчилар ва юкларни тез ва қулай тарзда рўйхатдан ўтказиш имконини беради», – дея қайд этади «Uzbekistan Airports» АЖ Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Жавлон Умархўжаев.
Компаниянинг қайд этишича, ушбу етказиб берувчи очиқ танлов процедураларини ўтказиш натижалари бўйича танланган.
«Sirena Travel компаниясининг Аstra DCS — йўловчилар ва багажни рўйхатдан ўтказиш жараёнининг барча зарур операцияларини автоматик равишда бажарилишини таъминлайдиган замонавий кўп тилли хостинг тизим», – дея хулоса қилади ташкилотдагилар.
Шарҳлар