Вальс тушган қизларни танқид қилган имом ишдан бўшатилди
16 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ички назорат комиссияси томонидан халқ орасида Шукрулло домла номи билан танилган Фарғона вилояти Тошлоқ тумани бош имоми ва «Абу Ҳанифа» жоме масжиди имом-хатиби Шукрулло Эгамбердиевнинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари муҳокама қилинди. Бу ҳақда “Газета” нашри ёзади.
Идора матбуот хизматининг маълум қилишича, йиғилишда имом-хатибнинг 6 ой давомида тармоқ фойдаланувчиларининг эътирозларига сабаб бўлган чиқишлари ва фикр-мулоҳазалари имомлик мақомига тўғри келмаслигига эътибор қаратилган.
Шукрулло Эгамбердиев мажлисда муҳокамага сабаб бўлган чиқишларида хатога йўл қўйганини эътироф этиб, узр сўраган.
«Имом-хатиб келгусидаги фаолиятида бундай камчиликларга йўл қўймаслигини билдирди. Ўз навбатида, мазкур хатти-ҳаракатларга нисбатан ҳуқуқий баҳо бериб, тегишли чора кўрилиши муносабати билан имом-хатибни обрўсизлантириш ҳолатларидан сақланишни сўраймиз», — дейилади хабарда.
Ички назорат комиссияси баён этилганларни инобатга олиб, Шукрулло Эгамбердиевга ҳайфсан интизомий жазоси берди ва Тошлоқ тумани бош имоми вазифасидан озод этиш тўғрисида хулоса қилди.
Яна бир резонансли видеода имом битирув кечасида вальс тушган қизларни танқид қилган. Видеода, хусусан, бугун мактабда йигитлар билан вальс тушган қизга эс-ҳуши бор йигитлар уйланмаслиги айтилиб, бундай қизларда турмуш ўртоғига нисбатан вафо ва садоқат бўлиши сўроқ остига олинган.
Шарҳлар